20:10 | 06.09.22

                       

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти билан телефон орқали мулоқот қилди

Президент Қўстанайдаги ўрмон ёнғинлари муносабати билан далда сўзларини билдирган

Шавкат Мирзиёев 6 сентябрь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, суҳбат аввалида давлат раҳбари Қозоғистон етакчисига Қўстанай вилоятидаги ўрмон ёнғинлари муносабати билан далда сўзларини билдирган ҳамда фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этишда зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини қайд этган.

Шунингдек, Президентлар Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларида амалий шерикликни кенгайтиришнинг долзарб масалаларини кўриб чиққани маълум қилинган.

Савдо, саноат, энергетика, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кооперация лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Шу ойда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг кун тартиби муҳокама қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Қўстанай вилояти Озерний қишлоғида 50 га яқин уй ёниб кетгани ва қишлоқ аҳолиси эвакуация қилинаётгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: