12:23 | 16.02.22

                       

Маданий мерос агентлиги кўрсатмаларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланди

Президент бу бўйича қонунни имзолади

Президент имзолаган қонун билан Маданий мерос агентлигининг кўрсатмаларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳужжат билан Жиноят кодексининг 132-моддасига (Моддий-маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш) киритилган ўзгартиришларга кўра, давлат муҳофазасига олинган моддий-маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш:

  • такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
  • кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;
  • бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин.

Ўша ҳаракатлар жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилса, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари кўрсатмаларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Ушбу ҳуқуқбузарлик содир этилса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваригача (810 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса 5 бараваригача (1 миллион 350 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Аввалроқ Ўзбекистонда ҳокимият ва бошқарув органлари фаолияти очиқлигини бузганлик учун жавобгарлик белгиланиши ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: