21:52 | 21.05.21
Конференцияда БМТнинг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси иштирок этган
Олий Мажлис Сенатининг 21 май куни «Аёл ва фан: гендер жиҳатлари» мавзусида халқаро онлайн-конференцияcи бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, конференция ишида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси пресс-атташеси, БМТнинг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси С.Вуд, Вайоминг университети Англия маркази координатори Д.Хасилова, Озарбайжон давлат ва Қирғизистон–Россия Славян университетлари профессорлари ва бошқалар иштирок этган. Сенат раиси Танзила Нарбаева кириш сўзида Марказий Осиё мамлакатлари ва БМТ вакиллари бўлган бир гуруҳ етакчи аёллар ташаббуси билан Етакчи аёллар Марказий Осиё мулоқоти ташкил этилганини, у гендер тенглик масалалари бўйича минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш учун маслаҳат майдонига айланганини таъкидлаган.
Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш соҳасида, шу жумладан, олий ўқув юртларининг илмий-педагогик соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида батафсил маълумот берилган.
Хусусан, 2020 йил декабрь ойида Фарғона давлат университетининг илмий ва педагогик ходимлари орасида хотин-қизлар сонини кўпайтиришга, бакалавр, магистр ва мустақил тадқиқотчи қизларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган Гендер тадқиқотлар маркази ташкил этилган.
Конференция давомида олий таълим тизимига гендер ёндашувлар ва бошқарув механизмларини жорий этиш, хотин-қизларнинг фан ва бизнес соҳасидаги малакасини ошириш масалалари муҳокама этилган. Озарбайжон ва Қирғизистоннинг бу борадаги тажрибаси ўрганилган.
Шунингдек, Фарғона вилояти тадбиркор аёлларининг инновацион лойиҳалари, ёшларнинг оиладаги зўравонликка муносабати юзасидан тадқиқотлар натижалари, қизларни технологик касбларга жалб қилиш ва бошқа масалалар кўриб чиқилган. Конференция мамлакат ва чет эл олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорликни чуқурлаштириш учун бошланғич майдончага айланган. Иштирокчилар таълим соҳасида гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича тажриба алмашган.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси лойиҳаси эълон қилинганди. Шунингдек, пойтахтдаги бир маҳалладан нега 176 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»га киритилганига изоҳ берилган.