20:55 | 21.05.21

                       

Бугун оқшоми. Янги Ўзбекистон университети, ЙТҲнинг 557 қурбони, Марсдан «селфи» ва 21 майнинг муҳим хабарлари

Куннинг энг қайноқ ва долзарб хабарларини ушбу дайжестга жойладик

21 майнинг муҳим ва сара хабарлари битта дайжестда!

Ўзбекистонда Президент мактаби битирувчилари учун Янги Ўзбекистон университети очилади. Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевнинг маълум қилишича, Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистон университети ташкил этилади.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, 2021 йил 1 сентябрдан республиканинг барча ҳудудларида Кембриж таълим тизими асосида дарс ўтиладиган Президенти мактаблари ўз фаолиятини бошлайди. Давлат раҳбари мактаблардан бирига ташриф буюрганида ушбу тизим бўйича ўқишни битирган болалар қаерда ўқиши ҳақида тўхталиб ўтган. Шу мақсадда янги — Янги Ўзбекистонда университетини ташкил этишга қарор қилинган.

Ўзбекистонда ўтган 4 ой ичида жами 2242 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Уларнинг ҳар 4 тадан биттаси ўлим билан тугаган. Январь-апрель ойларида мамлакатда содир этилган ЙТҲлар оқибатида 557 киши вафот этган. Бундан ташқари, 1684 киши жароҳатланган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп ЙТҲ Фарғона вилоятига тўғри келмоқда — 328 та. Ундан сўнг 307 та ҳодиса билан Тошкент вилояти қайд этилган. Бу вақтда Тошкент шаҳрида 286 та ЙТҲ содир этилган, бу эса пойтахни «даҳшатли рейтинг»нинг 3-ўрнига жойлаштирган.

Ушбу содир этилган ЙТҲларнинг энг кўп қисми — 32,4 фоизи белгиланган тезликка риоя қилмаслик натижасида келиб чиққан. Бундан ташқари, устунликка эга транспортга йўл бермаслик (11,6 фоиз), ҳайдовчининг тажрибасизлиги (5,9 фоиз), ҳаракат давомида ухлаб қолиш (5,5 фоиз) ва автомобилни маст ҳолда бошқариш (3,1 фоиз) оқибатида авариялар содир бўлган.

Шунингдек, содир этилган 2242 та йўл-транспорт ҳодисасининг 62 таси аёлларга, 2180 таси эркакларга тўғри келган.

Ўйлаб кўрилса, коронавирус ва шунга ўхшаш касалликларнинг ўлим даражаси йўллардаги «хатарли вирус»никидан анча кам. Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Бу орада Самарқандда ҳарбий автомобиль бетон тўсиққа урилди. Вилоятнинг Пастдарғом туманида ҳарбий автомобиль ҳайдовчининг бошқарувни йўқотиши оқибатида бетон тўсиққа урилди. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Юқоридаги статистикага яна бир ноодатий ЙТҲ қўшилди.

Кадр: Telegram/ @samyyhxb

Ўзбекистонликлар ўтган тўрт ой ичида бутун 2020 йилдагидан кўпроқ электромобиль импорт қилди. Маълум қилинишича, 2021 йилнинг январь-март ойларида республикага хориждан 156 та электромобиль олиб келинган. Бу эса 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 138 тага кўп. 2021 йилнинг биргина апрель ойида ўзбекистонликлар мамлакатга 65 та электрокар олиб келган.

Фото: «Electrek»

Мазкур машиналарнинг энг кўпи Хитойдан (119 та) импорт қилинган, жами электрмобиллларнинг 150 таси Тошкент шаҳрига тўғри келади.

Дарвоқе, Ўзбекистонда жамоат жойларида ниқоб тақмасликка рухсат берилгани йўқ. Ниқоб тақиб юринг, ҳатто вакцина олган бўлсангиз ҳам. Эҳтиётингизни ўзингиз қилинг.

Шавкат Мирзиёев Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатларга мунтазам парвозларни тиклашни таклиф қилди. Ушбу иттифоққа аъзо мамлакатлар раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда Президент аъзо мамлакатлар ўртасида мунтазам авиа ҳамда темир йўл қатновларини тиклашни таклиф қилди.

Фото: Президент матбуолт хизмати

«Эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашишини, мамлакатларимизда аҳолини эмлаш жараёнини ҳисобга олган ҳолда биз мунтазам ҳаво ва темир йўл қатновини тиклаш вақти келди, деб ўйлаймиз», — дея таъкидлаган Президент видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган йиғилишда.

Маълумот учун, Ўзбекистон ташкилотга кузатувчи-мамлакат сифатида аъзо бўлган. Бугун, 21 май куни унинг биринчи йиғилишида иштирок этди.

Хўш, оламда нима гап?

Марсдан яна бир сурат келди, бу сафар Хитой марсоходи муаллифлигида. Хитой тарихида биринчи маротаба Марс юзасига қўндирилган «Чжужун» марсоходи сайёрадан олган видео ва фотосуратларини Ерга юборди. Марсоход олган суратларни селфи деб атаса ҳам бўлади. Чунки олган тасвирларда марсоход рўпарасидаги ландшафт ва унинг қуёш панеллари ҳамда бошқа жиҳозлар акс этган.

Фото: «CNBS»

Ушбу фотосуратлардан сўнг Хитой АҚШдан кейин Қизил сайёрадаги ўз марсоходидан фотосуратлар қабул қилиб олган иккинчи мамлакат бўлди. Ҳозирга қадар Марсга икки давлатнинг марсоходлари қўнган, холос.

Исроил ва ҲАМАС ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди, аммо Исроил бунга амал қилмади. Бугун, 21 май куни (Тошкент вақти билан) соат 04:00 да Фаластин ва Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув кучга кирган эди. Аммо бугун, Жума намозидан сўнг Исроил полицияси ал-Ақсо масжидига келган фаластинлик намозхонларни ўққа тутган. Бундан ташқари, ушбу ҳудудга кўзни ёшлантирувчи газ ҳам улоқтирилган. Исроил келишувни бузди. Жараённи кузатиб борамиз.

«Толибон» Афғонистондаги туманлардан бирини қўлга олди. «Толибон» жангарилари Афғонистон шарқидаги Давлат-Шоҳ туманига қуролли ҳужум уюштириб, уни қўлга олган. Ташкилот матбуот котиби (ҳа, уларда ҳам матбуот котиби бор) Забиҳуллоҳ Мужоҳид Давлат-Шоҳдаги барча полиция участкалари «Толибон» назорати остига ўтганини айтган.

«Хитой вируси», «Ухан вируси». Трамп нутқидаги бир нечта сўз сабабли судга берилди. АҚШда яшовчи хитойликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган жамоат ташкилоти АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампни коронавирусни «Хитой вируси», «Ухан вируси» деб атагани учун судга берди. Даъвогарлар собиқ раҳбарини туҳмат қилишда ва маънавий зарар еказишда айблаган.

Фото: «Associated Press»

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.