23:48 | 21.05.21
У ҳозиргача 49 кишида қайд этилган
Англиянинг Йоркшир графлигида коронавируснинг янги штамми аниқланди. Бу ҳақда Шеффилд соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Грег Феллнинг сўзларига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Унинг маълум қилишича, янги штаммнинг ҳозирда маълум бўлган штаммлардан қандай фарқ қилиши ёки юқумлилик даражаси ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Бу бўйича мутахассислар тадқиқот олиб бормоқда.
«Биз VUI-21MAY-01’нинг (коронавирус янги штаммининг илмий номи) қандай тарқалаётганини кузатяпмиз. Ушбу штаммнинг Буюк Британияда ва бошқа мамлакатларда илгари аниқланган штаммларга қараганда қанчалик хавфли ёки, аксинча, хавфсиз экани тўғрисида аниқ маълумотлар йўқ», — дея таъкидлаган Фелл одамлардан ваҳимага тушмасликни сўраб, тавсия этилган санитария талаблари янги штаммни юқтириб олиш эҳтимолини камайтириш учун етарли эканлигини айтган ҳолда.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда янги штамм 49 кишида аниқланган, барча ҳолатлар Йоркшир ва Хамбер ҳудудида қайд этилган.
Аввалроқ АҚШда коронавируснинг антитаначаларга чидамли янги штамми аниқлангани маълум қилинган. Шунингдек, Ҳиндистонда ҳам коронавируснинг янги штамми топилгани ҳабар берилганди.