21:40 | 21.05.21
Жами 168 та мактабда тадбирлар бекор қилинган
Cамарқанднинг 2 туманидаги мактабларда ўтказилиши режалаштирилган сўнгги қўнғироқ тадбирлари бекор қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Хабарга кўра, Халқ таълими вазирлигининг 17 майдаги хатига асосан 25 май куни барча умумтаълим мактабларида (онлайн таълим шаклига ўтган мактаблар бундан мустасно) сўнгги қўнғироқ тадбирлари карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказилиши белгиланган. Ҳозирда таълим жараёнлари онлайн шаклда давом этаётган Самарқанд (82 та мактаб), Каттақўрғон (18 та мактаб) шаҳарларида ва туманлардаги (68 та) мактабда тадбир ўтказилмайди. Бу ҳақда бошқарма томонидан хат чиқарилиб, барча туман, шаҳарларга ижро учун юборилган.
Шунингдек, ушбу тадбирни ўтказадиган мактаблар пирометр ва антисептик воситалари билан таъминланиши ҳамда тадбир ўтказилаётган жойда ижтимоий масофа сақлаш чоралари кўрилиши маълум қилинган. Тадбир мактаб ҳовлиси боғида ёки очиқ майдонларда ўтказилади ва унда фақатгина 4, 9, ва 11-синф ўқувчилари иштирок этади. Мактаб ҳудудига техника воситалари ва бегона шахслар киритилмайди. Тадбир туман халқ таълими бўлими билан келишилган ҳолда соат 8:00 дан 8:45 га қадар ташкил этилиши хабар қилинган.
Аввалроқ Ўзбекистонда карантинга ёпилган мактабларда имтиҳонлар бекор қилиниш қилинмаслиги маълум қилинган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг марказий шаҳарларидаги мактабларда 1-синф учун қабул онлайн бўлиши хабар қилинганди.