22:20 | 21.05.21

                       

«Гулларга раҳми келиб ишлаган». Шаҳрисабзда шифохона ходимлари мажбурий меҳнатга жалб қилингани акс этган видеога изоҳ берилди

Bugun.uz мухбири шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи билан боғланди

Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси ходимлари кечки навбатчиликдан сўнг мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида «Bugun.uz» мухбири Шаҳрисабз тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Муродулло Норов билан боғланди.

Кадр: Telegram/ @mobilmuxbiruz

Унинг маълум қилишича, Шаҳрисабз тиббиёт бирлашмасида 17 та бўлим бўлиб, ҳали бундай ҳолат кузатилмаган.

«Бизда ходимлар мажбурий меҳнатга жалб қилинмаслиги учун йиғилиш баённомалари ҳам қилинган. Бу нарса барча бўлимларга тушинтириб айтилган. Видеодаги ходимларнинг ҳеч қайсиси мажбурлаб ишга жалб қилинмган. Шу видео чиққанидан сўнг мажбурий меҳнат бўйича юристлар келиб, ходимлар билан суҳбат қилди. Улардан тушинтириш хатлари ҳам олинган. Хатда ходимлар уларни ҳеч ким ишга мажбурламагани, гулларга раҳми келиб ишлаганини айтган. Шу ҳолатни бошқа ишчи сизларни расмга оламан, деб ҳазил-ҳазил билан видеога олиб чиқариб юборган», — дейди бирлашма бошлиғи.

Шунингдек, у ишлаётган ходимларнинг фақат биттаси оқ халатда бўлганини таъкидлаган.

«Видеодаги жой жонлантириш бўлимининг ҳовлиси ҳисобланади. У ер доим озода бўлади. Мени ҳайрон қолдирадиган нарса шуки, ишлаётганларнинг фақат биттаси оқ халатда бўлган. Мажбурий меҳнатга иш киймида жалб қилинмайди-ку. Билмадим, қасддан қилишдими ёки ҳазил биланми, шу видео тарқалди. Чунки яқинда боғнинг тозалиги учун 10 та ишчи ишлади. Лекин мен аниқ айтишим мумкинки, бизда ходимларнинг бирортаси мажбурий меҳнатга жалб қилинмаган», —дейди Муродулло Норов.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йилда қанча мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқлангани айтилган ва «Андижон ҲЭТК» раҳбари дам олиш кунлари ходимларни ишга жалб қилгани айтилган хабарларга изоҳ берилганди.