20:01 | 21.05.21

                       

«Мен сеҳргар эмасман, интернет тезлигини ошириб юбора олмайман» — бош вазир маслаҳатчиси

Олим Умаров Ўзбекистондаги интернет тезлиги тўғрисидаги саволга жавоб берди

Тошкент шаҳрида 21 май куни «Беш ташаббус ҳаракати» доирасида бош вазир маслаҳатчиси ва АКТ йўналиши вакиллари учрашуви бўлиб ўтган. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Хабарга кўра, «Беш ташаббус ҳаракати» доирасида ёшларнинг АКТ йўналиши вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтган. Учрашув давомида Олим Умаров йиғилганлар билан мулоқот вақтида кўпчиликка қизиқ бўлган интернет тезлиги ҳақидаги саволга жавоб берган.

«Мен сеҳргар эмасман, интернет тезлигини ошириб юбора олмайман. Бироқ бу борада ишлар олиб борилмоқда, қиладиган ишлар бор ҳали», — деди Олим Умаров.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, сўнгги бир неча йил ичида интернет нархи арзонлашган. Сунъий йўлдош ҳақидаги саволга эса у орқали интернет алоқа қиммат ва стабил эмаслиги айтилган, энг барқарор интернет оптик толали алоқа орқали экани таъкидланган.

«2015 йилда бутун республика бўйлаб 2 минг километр узунликдаги оптик толали кабеллар тортилди, 2021 йилда 50 минг километр кабел тортиш режалаштирилган. Шунингдек, 1 июндан бошлаб алоқа операторлари учун интернет нархи ўзгаради, нархлар яна 15 фоизга пасаяди. Илгари тезлик 4 мегабитгача деб ёзишарди. Энди ўша ‘-гача’ деган жойи бўлмайди. Агар сиз интернет учун 100 минг сўм тўласангиз, сиз хизматларнинг бутун ҳажми учун тўлаган бўласиз. Агар секундига 10 мегабит ёзилган бўлса, худди шунча тезлик бўлиши керак», — деди бош вазир маслаҳатчиси.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг интернет тезлиги бўйича жаҳон рейтингидаги позицияси яхшилангани маълум қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон аҳолисининг ойлик ўртача интернет сарфи қанчалиги очиқланган.