20:24 | 21.05.21

                       

Ўзбекистонда инсон аъзолари донорлиги ҳамда уларни кўчириб ўтказиш таклиф қилинди

Лойиҳага кўра, органини беришни истаган тирик донор беморнинг қариндоши бўлиши талаб этилмайди

Ўзбекистон Либерал демократик партияси фракциясининг 21 май кунги йиғилишида «Инсон аъзолари ва тўқималари донорлиги ҳамда уларни кўчириб ўтказиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Бу ҳақда депутат Дониёр Ғаниев хабар берди.

Фото: «Газета.uz»

Қайд этилишича, соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан 2-ўқишда таклиф этилаётган ушбу қонун лойиҳасига кўра, ўз аъзосини (органини) беришни истаган тирик донор беморнинг яқини ёки қариндоши бўлиши талаб этилмайди.

«Гарчи бу нормадан ижобий мақсад, яъни бугун мамлакатда орган трансплантацияси учун донорлар кутаётган беморларга ёрдам бериш, тиббиётда транспланталогия соҳасини ривожлантириш кўзда тутилган бўлса-да, мен бу нормани катта хато деб ҳисоблайман.

Чунки одатда ақли-ҳуши жойида, соғлом инсон тириклигида ўз органларини икки сабабга кўра беришга рози бўлиши мумкин. Биринчи сабаб бу — муҳаббат. Яъни инсон дард чекаётган бемор яқинига унга бўлган муҳаббати, меҳридан ўз органини беришга рози бўлиши мумкин. Иккинчи сабаби эса табиийки бу пул, моддий манфаат. (Албатта, 3-сабаб ҳам бўлиши мумкин. Шунчаки ҳеч қандай манфаатсиз, танимаган одамига кимдур ўз органини бериши мумкин, лекин бу бизнинг жамиятда деярли истисно ҳолат деб ўйлайман).

Шундан келиб чиқиб, агар қонун билан тирик донорлар тушунчасида барча шахсларни (беморга алоқаси бўлмаган) донор бўлиши мумкинлиги белгиланса, қўрқаманки, аҳоли даромади анча паст, ишсизлик даржаси юқори ва тўй-ҳашам, орзу-ҳавас йўлида ҳамма нарсага тайёр бизнинг жамиятда бу ижтимоий қийналган аҳоли қатлами томонидан органларни сотиш ҳолатлари, шу жумладан, орган сотиш билан боғлиқ (асосан буйрак) жиноят ишлари ортишига сабаб бўлиши мумкин.

Гарчи қонун билан инсон аъзоларининг олди-сотдиси тақиқланаётган бўлса-да, лекин бу амалиётда ноқонуний ‘буйрак бозори’нинг пайдо бўлмаслигини кафолатламайди.

Қолаверса, қонундаги бу ‘лазейка’ Ўзбекистонни буйрак трансплантологияси бўйича тиббий туризм марказига айлантириб қўйиши мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълуотларига кўра, дунё бўйича, йиллик 63 минг буйрак трансплантациясининг 10 фоиздан ошиғи камбағал давлат фуқаролари ўз органларини бой давлатлар фуқароларига пул эвазига бериши ҳисобига амалга ошади. Бизда ҳам қонун билан донор бўлишга барчага рухсат берилиши сабабли иқтисодий-ижтимоий қийналган аҳоли қатламининг пул эвазига чет элдан келган беморларга ўз органларини сотиш холатлари кўпайиб кетиши ҳам мумкин. Бу ҳатто катта бизнесга айланиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас.

Кўриниб турибдики, аҳолининг ҳозирги иқтисодий аҳволи, тиббий ва ҳуқуқий онгидан келиб чиқиб, тирик донорларнинг тушунчасини қайта кўриб чиқиш тўғри бўлади.

Бунда, биринчи навбатда, орган трансплантациясида (айниқса буйрак) тирик донорларни фақат Оила кодексининг 57-моддасида белгилаган қариндошлар билан чеклаш, шунингдек, мамлакатда доимий яшамайдиган чет эл фуқароларига Ўзбекистон фуқароларининг донор бўлишларини тақиқлаш мақсадга мувофиқ бўлади.

Тирик донорнинг органи яқин қариндошлар ёки оила аъзоларига тўғри келмайдиган ҳолатларда эса бегона донорлардан органларни фақатгина бартер асосида, яъни дейлик «буйрак учун буйрак» принципи асосида кўчириб ўтишга рухсат берилиши лозим.

Бундан ташқари, қонун билан вафот этган донорлардан аъзоларни олиб ўтказишга рухсат берилиши орқали буйрак ҳамда жигар трансплантацияда донорлар етишмаслиги муаммосини қисман ечиш мумкин», — деб ёзади депутат.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2017 йилда «Тана аъзолари, тўқималари ва инсон ҳужайралари трансплантацияси тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиққанди.