23:18 | 21.05.21
Кўрсаткич 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 3,5 фоизга камайган
Ўзбекистонда январь–апрель ойларидаги чет давлатлари билан амалга оширилган савдо айланмаси ҳажми маълум қилинди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, ўтган 4 ойдаги савдо айланмаси 378 миллион долларга камайган. Шунингдек, 2021 йилнинг январь–апрель ойларида ташқи савдо айланмаси 3,5 фоизга камайгани айтилган. Хусусан, ушбу давр мобайнида экспорт ҳажми 19,1 фоизга қисқарган бўлса, импорт ҳажми 7 фоизга ўсган.
Таъкидланишича, 2021 йилнинг январь-апрель ойларида ташқи савдо айланмаси 10,3 миллиард долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 378,8 миллион долларга ёки 3,5 фоизга камайган.
Савдо айланмасида экспорт ҳажми 3,48 миллиард долларга (19,1 фоизга камайган) ва импорт ҳажми 6,84 миллиард долларга (7 фоизга кўпайди) етгани маълум қилинган. Ҳисобот даврида 3,35 миллиард доллар қийматида пассив ташқи савдо баланси қайд этилган. Маълум бўлишича, савдо айланмасининг нисбатан актив ҳиссаси Хитой (20,5 фоиз), Россия (17,8 фоиз), Қозоғистон (11,8 фоиз), Туркия (9,3 фоиз), Корея (4,8 фоиз), Қирғизистон (2,4 фоиз) ва Афғонистон (2,3 фоиз) билан амалга оширилган.
Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор-давлат орасидан олтитаси, хусусан, Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Канада ва Эрон билан фаол ташқи савдо баланси кузатилган. Қолган 14 та давлат билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолган.
Шунингдек, 2021 йилнинг январь-апрель ойларида савдонинг 39,3 фоизи Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларига тўғри келиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 4,9 фоизга кўпайган.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар билан ташқи савдо айланмаси 3,38 миллиард долларни ташкил этган. Шундан экспорт ҳажми 1,04 миллиард доллар, импорт ҳажми эса 2,33 миллиард долларга етган.
Аввалроқ Ўзбекистондан январь–апрель ойларида хорижга қанча пул ўтказмалари амалга оширилгани маълум қилинган.Шунингдек, Ўзбекистоннинг январь–март ойларидаги ташқи савдо айланмаси ҳажми хабар қилинган.