15:22 | 13.10.24

                       

Ўзбекистонда Умра лицензияси учун янги талаблар белгиланди

Ўзбекистонда Умра лицензияси учун янги талаблар белгиланди. Шунингдек, қарор билан Умра хизматида қонунбузарлик қилган юридик шахсларга 75 миллион сўм жарима белгиланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 октябр куни 300-сонли қарорига кўра, Умра зиёратини ташкил этишда лицензия олиш учун янги талаб ва шартлар жорий этилади. Шунингдек, қарор билан лицензия бериш ваколати Дин ишлари бўйича қўмитага юклатилди, бу ҳақда Zamon информацион дастури хабар берди.

Умра зиёратини ташкил этишдаги янги талаблар зиёратчилар учун хизматларнинг сифатини оширишга қаратилгани ва янгиланган шартлар Саудия Арабистонига зиёратларни хавфсиз ва қонун доирасида амалга оширишга ёрдам бериши, шунингдек, зиёратчиларга сифатли ва профессионал хизмат кўрсатишни кафолатлаши алоҳида қайд этилмоқда.

  • Лицензия олиш учун 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни “Зиёрат жамғармаси”га захира қилиб қўйиш талаби жорий этилди;
  • Зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан шартнома тузган, диний билимга эга мутахассис тайинланиши керак;
  • Турфирмаларда исломий таълим бўйича мутахассислар бўлиши зарур;
  • Вояга етмаган фуқароларга хизмат кўрсатмаслик ва туроператор ёки турагентлар орқали фаолият юритмаслик талаблари жорий қилинди;
  • Зиёратчилар Саудия Арабистонига фақат Умра визаси билан боради, бошқа визаларни қўллаш тақиқланган;
  • Хизмат кўрсатиш Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилот билан шартнома асосида амалга оширилади ва тўловлар банк орқали расмийлаштирилади;
  • Зиёратчиларнинг саломатлигига алоҳида эътибор берилиб, тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш зарур;
  • Халқаро йўналишда камида 2 йил тажрибага эга бўлган авиакомпания билан ҳамкорлик қилиш талаб этилмоқда.

Умра хизматида қонунбузарлик қилган юридик шахсларга БҲМнинг 200 баравари (75 миллион сўм) жарима белгиланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: