19:59 | 21.05.21

                       

Шавкат Мирзиёев Олий Евросиё иқтисодий кенгаши йиғилишида иштирок этди

Президент йиғилишда юк ташиш ҳажмини ошириш борасидаги ўзаро имтиёзларни кенгайтиришни таклиф этган

Шавкат Мирзиёев 21 май, жума куни видеоанжуман шаклида ўтган Олий Евросиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқи ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини ушбу ташкилотнинг ўтган йил 11 декабрдаги саммитида олган эди. Ўтган даврда Евросиё иқтисодий комиссияси билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва уни амалга ошириш бўйича уч йиллик чора-тадбирлар режаси имзоланган. Ўзбекистон вакиллари ЕОИИнинг кўп томонлама тадбирларида иштирок этмоқда. Хусусан, 2021 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида бирлашманинг Саноат сиёсати бўйича кенгаши йиғилиши ва халқаро «Иннопром» кўргазмаси ўтказилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев раислигида ўтган Олий кенгашнинг навбатдаги йиғилишида кенгаш фахрий раиси, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев, Арманистон бош вазири вазифасини бажарувчиси Никол Пашинян, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Россия президенти Владимир Путин, ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи давлат — Куба президенти Мигель Бермудес ва Евросиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Михаил Мясникович ҳам иштирок этган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари ўз нутқида ҳал этилиши ўзаро мувофиқлашган ёндашувларни талаб этувчи энг муҳим вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтган. Хусусан, қуйидагилар алоҳида қайд этилган:

  • савдо муносабатларини, шу жумладан, тўсиқларни бартараф этиш ва савдони нотариф тартибга солиш чораларини яқинлаштириш орқали янада кенгайтириш учун салмоқли салоҳият мавжуд;
  • ташкилотга аъзо мамлакатларнинг етакчи корхоналари ва ҳудудларнинг саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, Евросиё тараққиёт банкини жалб қилган ҳолда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларида ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳаларни илгари суриш муҳим аҳамиятга эга;
  • транспорт-транзит соҳасидаги долзарб масалаларни ҳал қилиш ва юк ташиш ҳажмини ошириш мақсадида ўзаро имтиёзларни кенгайтириш лозим.

Шунингдек, эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашуви ва аҳолини эмлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳисобга олиниб, минтақа мамлакатлари ўртасидаги мунтазам ҳаво ва темир йўл қатновини қайта тиклаш таклиф этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ЕОИИ солиқ ва божхона маъмуриятчилиги, саноат, меҳнат миграцияси ва туризм бўйича рақамли платформаларига уланиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Шу билан бирга бошқа қатор йўналишлар борасида ҳамкорлик қилиш имкониятлари ўрганилмоқда.

Аввалроқ Президент «Российские железние дороги» компанияси бош директорини қабул қилгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки президенти ўринбосари Анна Бьерде бошчилигидаги делегацияни қабул қилгани маълум қилинган.