21:06 | 21.05.21
Ҳодиса ИИБ ходимлари гувоҳлигида содир бўлган
Тошкент шаҳри Чилонзор туманида аёл профилактика инспекторининг хонасида кундошининг юзини «лезвие» билан бир неча марта кесиб ташлади. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Т.Ш. Чилонзор туманида жойлашган профилактика инспекторининг хизмат хонасида бўлган. У ерда юзага келган ўзаро жанжал оқибатида кундоши Ё.Г.нинг юзини қўлида бўлган писка (лезвие) бўлаги билан кесган. Кундошининг баданига тузалмайдиган тан жароҳати етказган.
Аёл турмуш ўртоғидан касал қизини даволатиш учун пул сўраган.
«Бошқа аёл билан яшаб келаётган турмуш ўртоғим М.А.га қўнғироқ қилиб, ундан касал қизимни даволатиш учун пул сўрадим. Аммо эрим менга пули йўқлигини айтди. Шундан кейин унинг уйидагилардан ёрдам сўрадим, улар ҳам менга ёрдам беришмади. Бундан жаҳлим чиқиб, тонг саҳарда синглим Г. билан Чилонзор туманида жойлашган, эрим иккинчи хотини билан яшаётган хонадонга келдик. Синглим билан ушбу хонадон кириш эшигини тақиллатганимизда эшикни турмуш ўртоғимнинг иккинчи хотини Ё.Г. очди. У эрим билан бирга мени ҳақоратлаб, уйдан ҳайдади. Шундан кейин 102 рақамига қўнғироқ қилиб, турмуш ўртоғим уйда бегона аёл билан яшаётганини маълум қилдим», — дея таъкидлади айбланувчи.
ИИБ ходимлари аёлдан пастда тушиб кутиб туришини сўраган пайтда у ерда ётган писка (лезвие) кўрган ва уни олиб яшириб қўйган.
«ИИБ ходимлари турмуш ўртоғим А.М., кундошим Г.Ё., мени ва синглим Г.ни профилактика инспекторининг хонасига олиб боришди. У ерда тушунтириш хати ёздим. Г.Ё. ҳам тушунтириш хати ёзаётганда жаҳлим чиққанидан ўзимни тутиб туролмай, қўлимдаги писка (лезвие) бўлаги билан унга ташланиб, юзини бир неча маротаба кесдим», — деди аёл.
Т.Ш.га Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Аввалроқ Фарғонада ўзидан кичик «йигит»ини пичоқлаб ўлдирган ўқитувчи аёл 5 йилга қамалгани хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкентда хотини ва қайнанасини пичоқлаб ўлдирган эркакка суд ҳукми ўқилгани маълум қилинган.