20:05 | 14.11.24

                       

Тошкентда ўлиб қолган россиялик журналист Инесса Папер билан боғлиқ янги тафсилотлар очиқланди

Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, Инесса Папернинг қонида ис гази ҳамда гемоглобин аниқланган.

Тошкентдаги меҳмонхонада октябрь ойи охирида россиялик журналист Инесса Папер ва унинг 44 ёшли дўсти Максим Радченконинг мурдаси топилган. Шунингдек, меҳмонхонадаги қўшни хонада яна бир шахс, 48 ёшли Ўзбекистон фуқароси Х.У.нинг ҳам жасади аниқланган.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, 3 нафар шахснинг ўлими номаълум модда билан заҳарланиш оқибатида келиб чиққани тахмин қилинмоқда. Инесса Папернинг қонида ис газига ва гемоглобин моддалари аниқланган. Ушбу маълумот ўлим сабаби заҳарли газлар таъсирида содир бўлгани эҳтимолини оширади.

Жиноят иши доирасида суд-тиббий экспертиза ишлари давом этмоқда.

Инесса Папер Россиядаги «Лента» ва «Профиль» нашрлари билан ҳамкорлик қилган 47 ёшли журналист бўлган.