18:42 | 15.06.23

                       

Транзакция амалга ошди: OTP Банк Ипотека-банкни сотиб олди

Шу воқеа муносабати билан матбуот анжумани ташкил этилди

OTP Банк Ипотека-банкни сотиб олди. Ҳозирда банкнинг 75 фоиз акцияси сотиб олинган, қолган 25 фоизи 3 йиллик муддатда сотиб олинади. Bugun.uz мухбири шу воқеа муносабати билан ташкил қилинган матбуот анжуманида қатнашди.

Bugun.uz

Бугун, 15 июн куни банкни сотиб олишнинг биринчи босқичи якунланди. Ўзбекистон банк секторини хусусийлаштиришда иштирок этаётган биринчи ғарб банки сифатида OTP Банк, мамлакатнинг бешинчи йирик молиявий хизматлар кўрсатувчи муассасаси — Ипотека-банкнинг асосий акциядорига айланди.

Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида OTP Гуруҳи ўз фаолиятини йўлга қўяётган биринчи давлат бўлиб, ўзбек банк бозорига кириш Гуруҳ тарихида янги саҳифа очади. Ипотека-банк активлари бўйича банк бозорининг 7,6 фоиз улушига ҳамда 1,5 миллионга яқин чакана мижозларга эга. Ушбу (эгалик ҳуқуқини ўтказиш билан боғлиқ) битим Ипотека-банк мижозларидан ҳеч қандай ҳаракатни амалга оширишни талаб қилмайди.

Bugun.uz

Банк 2020 йил охиридан буён Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат банк секторини хусусийлаштиришда иштирок этиш имкониятлари бўйича музокаралар олиб бораётган эди. 2022 йилнинг декабр ойида, Тошкент шаҳрида томонлар мамлакатнинг бешинчи йирик молиявий хизматлар кўрсатувчи муассасаси — Ипотека-банкнинг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлигига тегишли акцияларининг 100 фоизини (умумий банк акциялардаги улуши тахминан 98 фоиз) OTP Банк томонидан сотиб олиш юзасидан олди-сотди шартномасини имзолаган эдилар.

Бугун молиявий амалиёт муваффақиятли якунланди ва OTP Банк Ипотека-банкнинг қонуний назорат органига айланди. Натижада, Ипотека-банкнинг 73,71 фоиз эгалиги билан асосий акциядорига ҳамда билвосита банкка тегишли молиявий лизинг билан шуғулланувчи «Ипотека лизинг» ва суғурта хизматларини таклиф қилувчи «Имкон-Суғурта» жамиятларининг эгасига айланди.

Йиғилиш давомида OTP Банк Бошқарув раиси ўринбосари Ласзло Волф 2020 йил охиридан буён Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат банк секторини хусусийлаштиришда иштирок этиш имкониятлари бўйича музокаралар олиб борганини таъкидлади.

Ипотека-банкнинг маҳаллий тажрибаси ва OTP Гуруҳининг 11 мамлакатдаги 23 дан ортиқ банкларни сотиб олишда тўплаган билимларини боғлаш орқали Ипотека-банк мавқеини янада мустаҳкамлашига қатъий ишонамиз. Бизнинг мақсадимиз мижозларимизга кенг филиаллар тармоғи ва юқори сифатли рақамли хизматлар орқали ҳам чакана, ҳам корпоратив сегментларда молиявий хизматларнинг тўлиқ тўпламини таклиф қилишдир, — дея қўшимча қилди у.

Транзакция амалга ошгандан кейинги мақсад, OTP Банк Гуруҳи ва Ипотека-банк биргаликда мижозлар, ходимлар ва ҳамкорларга янги имкониятларни таклиф қилиш мақсадида бизнес амалиётлари, филиаллар тармоғи, тизимлар, маҳсулотлар ва инновацияларнинг турли жиҳатларини синчковлик билан ўрганиб чиқиш ҳисобланади.

Биз барчамиз OTP Гуруҳи томонидан Ипотека-банк мижозлари, ходимлари ва ҳамкорларига тақдим этиладиган янги имкониятларни интиқлик билан кутмоқдамиз. 2019-йилдан буён банк узлуксиз трансформация жараёнларини бошдан кечирмоқда. Бу эса барқарор ўсиш ва маҳаллий банклар орасида кучли позицияни эгаллаш имконини беради. Мазкур битим, албатта, бизнинг тарихимизда яна бир муҳим босқич бўлади ва шубҳасиз, OTP Банк гуруҳининг аъзоси сифатида мижозларга хизмат кўрсатиш сифатининг янада юқори стандартларини тақдим эта оламиз ҳамда янги рақамли технологиялар, маҳсулотлар ва бошқарув тажрибаси ёрдамида банк секторида етакчиликка эришамиз, — деди Ипотека-банк Бошқарув раиси Элёр Иномжонов.

Ипотека-банк мижозларидан ушбу (эгалик ҳуқуқини ўтказиш билан боғлиқ) битим ҳеч қандай ҳаракатларни амалга оширишни талаб этмайди ва уларга интеграция жараёнлари билан боғлиқ ўзгаришлар ҳақида ўз вақтида маълумотлар тақдим этилади.

Bugun.uz

Ипотека-банк ҳақида

Ипотека-банк активлари ҳажми бўйича 7,6 фоиз бозор улушига эга Ўзбекистоннинг бешинчи йирик банки ҳисобланади. Банк йирик корпоратив мижозларга эга бўлишдан ташқари, чакана мижозлари сони 1,5 миллионни ташкил этади ва 39 та филиаллар тармоғи, 200 дан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатиш марказлари орқали ўз фаолиятини амалга ошириб келмоқда. Банк активлари, сўнгги уч йилда кредит портфелида йиллик ўртача 20 фоиз, депозит портфелида эса 24 фоизга ўсиш ҳисобига кўпайиб, сўнгги йиллардаги соф фойдаси ҳам доимий равишда яхшиланиб бормоқда.

OTP Гуруҳи ҳақида

OTP Гуруҳи, юқори рентабеллик, барқарор капитал ва ликвидлик позициясига эга бўлган, Марказий ва Шарқий Европа минтақасидаги энг тез ривожланаётган ва етакчи банк гуруҳларидан бири ҳисобланади. Марказий Осиё ва Шарқий Европанинг 12 мамлакатида 41 000 дан ортиқ ходимга эга бўлган гуруҳ 17,5 миллиондан ортиқ мижозларга универсал молиявий хизматлар кўрсатади. Марказий ва Шарқий Европа минтақаси банк секторидаги энг фаол молиявий бирлаштирувчи сифатида Гуруҳ 2000 йиллардан бошлаб 23 та банкни муваффақиятли сотиб олди ва бирлаштирди. Ҳозирги вақтда банк Венгрия, Болгария, Сербия, Черногория ва Словенияда бозор етакчиси ҳисобланади. OTP Гуруҳи бош офиси Венгрияда жойлашган бўлиб, мулкчиликнинг диверсификацияланган ва шаффоф тузилмасига эга. Банк Гуруҳи 1995 йилдан бери Будапешт фонд биржасида рўйхатга олинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: