19:54 | 15.06.23

                       

Азиз Абдуҳакимов БМТнинг Европа ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий бюроси директори билан учрашди

Учрашувда экологик ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

Экология вазири Азиз Абдуҳакимов ва БМТнинг Европа ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий бюроси директори Ивана Живкович ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда БМТнинг Тараққиёт дастури билан биргаликда Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган қўшма лойиҳа ва ташаббуслар ҳамда келгусидаги истиқболли йўналишларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, «яшил» иқтисодиётга босқичма-босқич ўтиш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш, экологик таълим ва маданиятни юксалтириш, кадрлар салоҳиятини ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашув давомида келгусида биохилмахилликни асраш ва молиялаштириш, Оролбўйи ҳудудида экотизимларни тиклаш, озон қатламини муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш йўналишидаги бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Азиз Абдуҳакимов БМТ томонидан Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни алоҳида таъкидлади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан қабул қилинган ва Оролбўйи ҳудудини экологик инновациялар ва технологиялар зонасига айлантиришга қаратилган БМТ Бош Ассамблеясининг Махсус резолюциясини юқори баҳоланди.

БМТ томони Самарқандда бўлиб ўтадиган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир Конвенциясининг 14-томонлар конференцияси (CMS COP-14) ва Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг 25-сессиясини ўтказиш ташаббусини юқори баҳолади ва ушбу тадбирларда фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: