19:10 | 15.06.23
Тошкент аҳолиси асоссиз ўрнатилган «знак»лардан норози
Баъзан юқоридан айтилаётган гап билан қуйи идоралар иши бир-бирига мутлақо тескари. «Пастда»гилар буни ё тушунмайди ёки айланаётган ғилдиракка чўп тиқиб, роҳатланадиганлар бор.
Давлат одамларни рози қилиш ташвишида халққа осон бўлсин, деяпти. Аммо айрим ижрочи ташкилот ва идоралар эса одамларга йўқ жойдан қийинчилик, муаммо яратиш билан оввора.
Тошкентнинг Яшнобод тумани, Авиасозлар кўчаси, 115-уй олдидаги мана бу видеодаги ҳолат сўзимизга яна бир исбот.
Тақиқловчи белгини ўрнатишнинг ҳам ўз қоида ва талаблари бордир, оғайнилар? «Соққа» қилиш учун дуч келган жойга, яна ҳар ўн метр оралатиб «знак» қўявериш қайси «калла»нинг ижоди? Сал ақлга қўшиб, виждонни ҳам ишлатиб турайлик…
Маҳаллий ҳокимият ва бошқа масъул идораларнинг бу масала юзасидан фуқаролар мурожаатига жавоби жуда ажабланарли.
Бу ҳудудда авариялар сони кўпайгани сабабли аҳоли истагига кўра, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида тақиқловчи белгилар ўрнатилган, эмиш.
Бу ҳудудда яшовчи ва ишловчи одамлар эса бу манзилда бирорта авария ҳолати бўлганини кўрган ҳам, эшитган ҳам эмас. Қолаверса, «кўп сонли аҳоли истагига кўра», дея важ келтирилаётгани худди шу аҳолининг ўзи ўринсиз ўрнатилган бу белгиларнинг олиб ташланиши учун идорама-идора югуриб, сарсон бўлиб юрибди.
Бир ишни тақиқлагандан кейин унга муқобил ечим ҳам қолдириш керак-да ахир. Ёки халқ тирикчилик қилмасинми, машина минмасинми, яшамасинми? Наҳот давлат учун кичик бўлган шу масалага ҳам Президент аралашиши шарт бўлса?!
Бобур Абидов
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: