20:30 | 15.06.23

                       

Аттракциондан йиқилган фуқаролар ҳолати ўрта оғир даражада экани айтилди

Аттракцион назоратчисига жиноят иши қўзғатилган

12 июн куни соат тахминан 22:10 лар атрофида Шайхонтоҳур туманида жойлашган Anhor-Lokomotiv кўнгилочар боғида 24 ёшли эркак ва 30 ёшли аёл ушбу боғда жойлашган «Мелница» номли аттракционга чиққанида хавфсизлик камарларини тақмаган. Бунинг оқибатида икки шахс ҳам учиш чоғида аттракциондан тушиб кетган эди. Воқеа юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Хаёт Шамсутдинов Bugun.uz га қўшимча ахборотлар берди.

 Унга кўра, Шайхонтоҳур туманида жойлашган Anhor-Lokomotiv боғида «Мелница» номли аттракционга учиш учун чиқиб, аттракцион назоратчиси томонидан хавфсизлик камари тақилганлиги текширилмасдан, ҳаракатга келтирилганлиги сабабли, фуқаролар тахминан 5-6 метр баланликдан йиқилиб тушиб тан жароҳати олган.

Натижада шу куни Э.Б. га «чап елка суяги чиқиши, чап оёқ чиқиши, чап кўз қовоқ қисми юмшоқ тўқималари лат ейиши», М.Т. га эса «умуртқа поғонаси ёпиқ жароҳати, умуртқа поғонаси функцияси бузилмаган ҳолатда синиши» ташхиси қўйилган ва даволаниш учун шифохонага ётқизилган.

Фуқароларга етказилган тан жароҳатини оғирлик даражасини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси, шунингдек , Тоғ-кон геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясига меҳнатни мухофаза қилиш бўйича экспертиза тайинланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан ЖКнинг 257-моддаси 1-қисми билан аттракцион назоратчисига жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: