8:25 | 20.02.24

                       

2024 йилда саноат зоналарида 841 та лойиҳа ишга туширилади

2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, мамлакатда 766 та саноат зонаси ташкил этилди. Мазкур объектларнинг бош режаларига мувофиқ инвестиция лойиҳалари учун умумий майдони 11 минг 952,1 гектар ер ажратилган.

2024 йилда саноат зоналарида 841 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган, деб хабар бермоқда «Дунё».

2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, мамлакатда 766 та саноат зонаси, жумладан, 24 та махсус иқтисодий зона, 532 та кичик саноат зонаси, 210 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил этилди.

Мазкур объектларнинг бош режаларига мувофиқ инвестиция лойиҳалари учун умумий майдони 11 минг 952,1 гектар ер ажратилган. ИССВ мувофиқлаштирувида амалга оширилаётган ишлар туфайли бугунги кунда инвестиция лойиҳалари саноат зоналарининг 6382,3 гектар майдонида жойлашган.

Аукцион орқали 4123,5 гектар ер майдони, жумладан, махсус иқтисодий зоналарда 3 минг 304,8 гектар, кичик саноат зоналарида 666 гектар, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарида 152,7 гектар ер майдонлари сотувга қўйилган. Биргина жорий йилнинг январь ойида 100 гектардан ортиқ ер аукционга қўйилди.

Саноат зоналарида амалга оширилаётган ишлар кўлами йилдан-йилга кенгаймоқда. 2024 йилда саноат зоналарида 841 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Бу 2023 йилдаги кўрсаткичдан (965 та лойиҳа) 124 тага кам бўлсада, бу ўзгариш янги ташкил этилган ишлаб чиқариш қувватларининг йириклашиши ва иш ўринлари сонининг анча кўпайиши билан боғлиқ.

Масалан, саноат зоналарида 2023 йилда амалга оширилган лойиҳаларнинг умумий қиймати 9,7 триллион сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йилда ушбу мақсадлар учун 13,3 триллион сўм жалб этилади. Иш ўринлари бўйича ҳам вазият худди шундай — 2023 йилда 20,7 минг, жорий йилда эса 27,7 минг иш ўринлари яратиш режалаштирилган.

2024 йилнинг биринчи кунларидан бошлаб саноат зоналарида қизғин иш бошлаб юборилди. Совуқ кунларда кузатилаётган секинлашишга қарамай, 2024 йил январь ойида умумий қиймати 56,6 миллиард сўмлик 14 та лойиҳа фойдаланишга топширилиб, 300 та янги иш ўрни яратилди. Шундан кичик саноат зоналарида 54,1 миллиард сўмлик 12 та, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарида эса 2,5 миллиард сўмлик 2 та лойиҳа ишга туширилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: