14:55 | 14.10.24
Ўзбекистон шартномага қўшилган 115-давлат бўлди. Ўзбекистоннинг шартномага қўшилиши мамлакатнинг космос тадқиқотлари ва халқаро космик лойиҳаларда иштирок этиши учун янги имкониятлар очади.
Ўзбекистон Космосни, шу жумладан, Ой ва бошқа осмон жисмларини тадқиқ қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатлар фаолияти принциплари тўғрисидаги шартномага қўшилди. Президент Шавкат Мирзиёев 10 октябрь куни ушбу шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Шу билан Ўзбекистон шартномага қўшилган 115-давлат бўлди.
Ўзбекистоннинг шартномага қўшилиши мамлакатнинг космос тадқиқотлари ва халқаро космик лойиҳаларда иштирок этиши учун янги имкониятлар очади. Бу халқаро ҳамкорликни кучайтириш, ресурслар ва билимлар алмашинувини осонлаштиришга хизмат қилади. Шунингдек, шартнома Ўзбекистоннинг космик ҳуқуқ тизимини ривожлантиришга ҳам ёрдам беради.
Шартнома 1967 йилда қабул қилинган бўлиб, унга қўшилган давлатлар космосни бутун инсониятнинг умумий мулки сифатида тадқиқ қилиш ва ундан тинчлик йўлида фойдаланиш мажбуриятини олади. Қонунчилик палатаси 2 июль куни, Сенат эса 15 август куни ушбу қонунни маъқуллаган эди. «Ўзбеккосмос» агентлиги раҳбари Шуҳрат Қодировнинг таъкидлашича, ратификация Ўзбекистонга космик лойиҳаларда иштирок этиш ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш имконини беради.
Шартномада космик фазони тадқиқ қилиш барча давлатлар учун очиқ эканлиги, суверенитет ёки бошқа йўллар билан космосни ўзлаштириш мумкин эмаслиги белгиланган. Шунингдек, шартномада ядро қуроли ва бошқа оммавий қирғин қуролларини космосга чиқармаслик мажбурияти белгиланган.
Ўзбекистоннинг ушбу шартномага қўшилиши мамлакатнинг космик салоҳиятини оширишга катта ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: