22:24 | 13.03.24

                       

Тошкент Қўйлиқ деҳқон бозори фаолияти расман тугатилди

Энди бозордаги тадбиркорлар «Food city» ва «Toshkent Index» ва бошқа савдо мажмуаларига кўчирилади.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги корпоратив ахборот ягона порталидаги маълумотларга кўра, «Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори» АЖнинг (Қўйлиқ деҳқон бозори) фаолияти расман тугатилган.

Олдинроқ пойтахт ҳокимлиги бу бозорда реконструкция ишлари бошлангани, бозордаги тадбиркорлар «Food city» ва «Toshkent Index» ва бошқа савдо мажмуаларига кўчирилишини маълум қилганди.

Бунда, тадбиркорлар мулкларини кўчириш билан боғлиқ бўлган ҳаражатлар (транспорт, юклаш, тушириш ва бошқалар) бепул амалга оширилади ҳамда савдо мажмуаларидаги дўконлар учун ижара тўловларидан 3 ой муддатга озод қилинади.

Шунингдек, «Қўйлиқ» массивидан бозор ҳудудигача йўл кира хаққи олинмайдиган 10 та автобус йўналишга қўйилиб, жамоат транспорти учун шоҳ бекат ташкил қилинган ва шаҳарнинг барча йўналишларга чиқиш имкони яратилган.

Бозорда фаолият юритаётган 144 нафар ишчи-ходим «Food city» ва «Toshkent Index» савдо мажмуаларида иш билан таъминланади.

“Қўйлиқ деҳқон бозорига олиб келинаётган маҳсулотлар бозор ҳудудига сиғмай, атрофидаги ҳудудларда, шу жумладан Чирчиқ канали бўйида тартибсиз савдо амалга оширилаётганлиги ҳамда бозор ҳудудига кунига 600 дан ортиқ юк машиналари кириб-чиқиши автомобиль йўлларининг тирбандлигига асосий сабаб бўлмоқда ва аҳолига жиддий ноқулайликлар яратмоқда”, — дея хабар берганди ҳокимлик.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: