14:01 | 13.03.24
Пойтахтда январь ойида ижара бозори 2,2 фоизга пасайган бўлса, февраль ойида 1,1 фоизга пасайган ва 1 кв.м. учун 8,9 долларни ташкил этган.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон кўчмас мулк бозорининг февраль ойи якунлари бўйича шарҳини эълон қилди.
Қайд этилишича, Тошкентда уй-жой ижараси бозорида нархларнинг пасайиши кузатилган. Январь ойида ижара бозори 2,2%га пасайган бўлса, февраль ойида эса 1,1%га пасайиб, 1 кв.м. учун 8,9 долларни ташкил этган.
Йиллик ҳисобда ижара ҳақининг энг кўп пасайиши Олмазор, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида 13%дан 18%гача қайд этилган.
Бектемир ва Шайхонтоҳур туманларида ойлик ижара ҳақи 3,5% ва 2,5%га ошган.
Ижара ҳақининг энг катта пасайиши Яшнобод туманида 6,3% ва Чилонзор туманида 5,7%га қайд этилган.
Шайхонтоҳур, Яккасарой ва Миробод туманларида ижара нархи юқорилигича сақланиб қолган. Бу туманларда уй-жойни ижарага олиш ўртача кв.м. учун 11 долларга тушади.
Нисбатан арзон уй-жой ижараси Учтепа, Сергели ва Бектемир туманларида сақланиб қолмоқда ва кв.м. учун 6 доллардан 8 долларгача ўзгариб туради.
Ўзбекистонда февраль ойида иккиламчи уй-жой бозори 0,8%га ўсган. Йиллик ҳисобда иккиламчи нархлар 14,1%га ошган.
Тошкентда иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи бир ой давомида 1,6%га ошиб, 1140 долларни ташкил этган. Пойтахтнинг учта тумани Миробод, Яшнобод, Яккасаройда нархлар 2%дан 6%га ошгани қайд этилган. Шу билан бирга, Бектемир ва Учтепа туманларида иккиламчи уй-жойлар мос равишда 1,1% ва 0,4% га арзонлашган.
Умуман, Тошкентда иккиламчи уй-жой бозори йил давомида 17,3%га ўсган. Шу билан бирга, ўсиш суръатларининг 2,7 фоиз пунктига пасайиши кузатилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: