13:51 | 12.03.24

                       

Озодбек Назарбековнинг буйруғи билан ярим миллиард сўм ажратилган санъаткорлар портали нега ҳалигача ишга тушмаяпти?

Маданият вазирининг 2023 йил 15 сентябрдаги буйруғи билан йилнинг IV чорагида ишга тушиши режа қилинган санъаткор портали учун салкам ярим миллиард сўм маблағ ажратилган эди. Лекин, ҳозиргача порталдан дарак йўқ?!

Вазирлик масъулининг АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжумани давомида жавоб беришича, санъаткорлар портали учун вазирнинг тегишли буйруғи бўйича маблағлар ажратилган, лекин ҳали сарфланмаган.

“Тизимни ишга тушириш муддатига келадиган бўлсак, биринчи босқич ишлари якунланган. Ижодкорлар тўғрисида маълумот киритишда — «Ўзбекконцерт», ҳудудий бўлимлар билан ҳамкорликда ўнта, боринки юзта санъаткор ҳақида маълумот киритишимиз мумкин. Лекин, бизда икки минг, уч мингдан ортиқ санъаткорларимиз бўлиши мумкин. Буни [маълумот киритишни санъаткорларимизнинг — таҳрир] ўзига қўйиб бермасак бўлмайди. Шунинг учун ҳозирда тизимга бошланғич қисмини киритдик, энди биз техник ишларни қайта кўриб чиқиб, жараённи осонлаштирмоқчимиз”, — деди масъул.

Шунингдек, у 2023 йилнинг 25 май куни Озодбек Назарбековнинг буйруғи билан маданият марказлари тўғрисидаги платформани ишлаб чиқиш учун 530 млн сўм ажратилгани ва унинг тақдирига ҳам тўхталди. Масъулга кўра, маданият марказлари бўйича платформа тўлиқ ишга тушган ва электрон ҳукумат билан боғланган. «Фақат, бу очиқ тизим эмас, ёпиқ тизим бўлиб, Маданият вазирлиги ва шунга алоқадор ҳудудий бўлимлар томонидан бошқарилади ҳамда ўзаро маълумотлар алмашинилади. Бундаги умумлашган маълумотлар расмий манбаларда эълон қилиниши мумкин».

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: