23:59 | 31.01.23
Ўзбекистон ҳудудида Афғонистон учун мўлжалланган бир неча мингдаб вагонлар «туриб» қолган
«Ўзбекистон темир йўллари» темир йўл орқали Афғонистонга юк юборувчи тадбиркорларга мурожаат билан чиқиб, 1 февралдан мазкур мамлакат темир йўлида ҳаракатлар тўхталишини маълум қилди.
Қайд қилинишича, Ғалаба—Ҳайратон темир йўлидан фойдаланишда 2022 йил 26-30 декабрь кунлари Термизда ўтказилган музокаралар давомида 2023 йилнинг 27 январига қадар янги шартнома имзоланишига келишилган эди. Бироқ Афғонистон темир йўл бошқармаси келишувни амалга оширмаётгани сабабли Ҳайратон—Мозори Шариф йўналишида темир йўл орқали юк ташиш тўхтатилади.
Bugun.uz’нинг Афғонистондаги мухбирига кўра, Ҳайратон станциясининг имкониятлари кенглиги сабабли юклар, асосан, шу станцияси орқали ташиб келинади. Халқаро ҳамжамиятдан юбориладиган гуманитар ва ҳомийлик юклари ҳам ўзбекистонлик темир йўлчиларнинг ёрдами билан етказиб берилган.
«Афғонистонда тез-тез ўзгариб турувчи қонунчилик ва бошқа қийинчиликларга қарамай, ўзбек темир йўлчилари томонидан қўшни давлатга истеъмол товарлари етказиб берилиши нафақат Афғонистон темир йўл соҳасига, балки унинг иқтисодиётининг ривожланишига қўшган ҳиссаси катталигини тан олиш керак. Бироқ бу икки давлат орасида йўлга қўйилиб, бир неча йиллар давомида фойда келтириб турган тизим куни битганга ўхшайди», — деб хабар беради Bugun.uz’нинг Афғонистондаги мухбири.
Мухбир маҳаллий тадбиркорлар билан суҳбатда афғон ҳукумати ўзбек томони билан келиша олмагани туфайли юклар ташуви 2023 йилнинг 28 январидан тўхтаб қолгани, минглаб тонна тез бузилувчи маҳсулотлар Ўзбекистон чегарасида туриб қолгани ҳақида хабардор бўлган. Тадбиркорлар юклар қачон ўтишини билмаслигини айтмоқда.
«Ўзи шундоқ ҳам қийин вазиятда бўлган Афғонистонда, бу қишдаги аномал совуқлар етмагандек, афғон темир йўлчилари сабаб тадбиркорларнинг юклари номаълум муддатларга туриб қолмоқда. ‘Ўзбекистон темир йўллари’ ва Афғонистон орасида тузилган шартнома муддати ўтган йилнинг декабрида тугаган, янги шартнома тузиш ишларида афғон томони ҳеч қандай ҳаракат ёки чоралар кўрмаяпти. Афғонистон темир йўллари раҳбарияти бундан буёғига ўзбеклар билан эмас, қозоқлар ёки украинлар билан ишлаши ҳақида миш-мишлар юрибди. Афғонистон темир йўл бошқармаси ҳам ушбу вазият бўйича тайинли маълумот бермаяпти», — Bugun.uz мухбири билан фикр бўлишган маҳаллий тадбиркор.
Тадбиркорларга кўра, Ўзбекистон ҳудудида Афғонистон учун мўлжалланган бир неча мингдаб вагонлар туриб қолган. Чегарадаги юкларда халқ истеъмоли товарлари, ёнилғи, дон маҳсулотлари, қора металл ва бошқа маҳсулотлар бор. Темир йўл орқали ташувларнинг тўхтаб қолиши, бирламчи эҳтиёж юклари фақатгина автомобиль ёки дарё транспорти орқали амалга оширилиши мумкин, бу эса афғон бозорларида истеъмол товарларининг нархларининг кўтарилишига олиб келиши мумкин.
«Наҳотки, ушбу оқибатлар афғон халқини оғир аҳволга солиб қўйишини Афғонистон темир йўли ташкилоти раҳбарлари тушунмаяпти?! Ушбу ҳолат тадбиркорлар ва умуман, жаҳон ҳамжамияти олдида бу икки қўшни давлатнинг темир йўл маъмуриятларининг обрўсига салбий таъсир кўрсатиши аниқ. Бир неча йиллар давомида ишлаб келаётган тизимнинг бузилиши қўшни Ўзбекистон ва Афғонистон давлатлари орасидаги сиёсий муносабатларда совуқлашишига сабаб бўлиши мумкин», — дейди Bugun.uz билан суҳбатда бўлган маҳаллий тадбиркор.
Маълумот учун, Афғонистондаги Ҳайратон—Мозори Шариф темир йўли 2010 йилда қурилиб, 2011 йилдан бошлаб ушбу темир йўлнинг барча хизматлари Sogdiana trans томонидан амалга оширилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: