17:11 | 18.11.24

                       

Самарқанд ёшлари Кореяда таълим олиш имкониятига эга бўлди

Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) Кореянинг Gimcheon High School билан ҳамкорликда иқтидорли қишлоқ ёшларини қўллаб-қувватлаш лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳа доирасида 5 нафар ўзбекистонлик ўқувчи Кореяда таълим олади.

Лойиҳа доирасида Самарқанд вилоятининг Иштихон, Оқдарё, Каттақўрғон ва Ургут туманларидан 5 нафар 9-синф битирувчиси танланган. Танланган ёшлар SIUT тайёргарлик курсларида корейс ва инглиз тиллари, шунингдек математика бўйича таълим олишмоқда. Декабр ойида курсни муваффақиятли якунлаган талабалар Корея Республикасида Gimcheon High School стипендияси асосида ўқишни давом эттиради.

Фото: SIUT

Университет Васийлик Кенгаши раиси Бахтиёр Фозилов ҳомийлиги остида ажратилган махсус грант асосидаги стипендия авиапарвоз, таълим, турар жой ва ўқув материаллари харажатларини қоплайди. Ёшлар учун уч йил давомида яшаш харажатларини қоплаш мақсадида қўшимча молиявий ёрдам ажратилади.

Ушбу лойиҳа SIUT Васийлик кенгаши ва вилоят ижтимоий ҳимоя бошқармаси кўмагида ташкил этилган.

  • Имтиҳонлар Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг Тошкент филиали профессори ишлаб чиққан IQ методологияси бўйича ўтказилган.
  • Лойиҳа «Ўзбекистон-2030» стратегиясидаги ёшларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва камбағалликни қисқартириш мақсадларига хизмат қилади.

Кореяда таълим олиш имконияти қишлоқ ёшлари учун халқаро миқёсда фан ва технологиялардаги ривожланишга йўл очади. Лойиҳа ёшларнинг шахсий салоҳиятини ошириш ва мамлакат келажаги учун муҳим кадрлар тайёрлашга ҳисса қўшади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: