12:20 | 07.11.24
InfinBank кредит хизмати реклама ахборотида истеъмолчиларни чалғитувчи маълумот бергани учун жаримага тортилди.
InfinBank кредит хизмати реклама ахборотида истеъмолчиларни чалғитувчи маълумот бергани учун жарима жазоси қўлланилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси матбуот котиби хабар берди.
Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида Invest Finans Bank АЖнинг кредит хизмати реклама ахборотида истеъмолчиларни чалғитувчи маълумот берилганлиги аниқланган.
Жумладан, банк томонидан Тошкент шаҳрининг бир қатор кўчаларида жойлашган LED мониторли реклама объектларида эълон қилинган «50 000 000 танишларсиз, 50 кун фоизларсиз, 5 йилга, таътил учун, таъмирлаш учун, техника учун» мазмунидаги реклама ахбороти берилган.
Мазкур реклама бўйича банкнинг расмий веб-сайти ўрганилганда фақатгина “Infin black” кредит картаси учун 50 миллион сўмгача, 60 ойга, йиллик 23,99 фоиздан кредит ажратилиши, картадан нақд пул ечиш 2 фоиз, картадан картага пул ўтказиш 1 фоиз, алоҳида белгиланадиган фоиз ставкаси йиллик 25,55 фоиздан 54,75 фоизгача кўрсатилган.
Кредит бўйича қўшимча шартлар ва мухим маълумотлар ташқи рекламада кўрсатилмаган.
Юқоридагиларга кўра, қўмита Махсус комиссияси томонидан «Реклама тўғрисида»ги ҳамда «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар талаблари бузилиш аломатлари юзасидан Invest Finans Bank АЖга молиявий жарима қўлланган. Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.
Аввалроқ Davr Bank айрим қонунларни бузгани учун жаримага тортилгани хабар қилинганди. Шунингдек, ҳолатни бартараф этиш ва келгусида бу каби қонунбузилишга йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: