17:39 | 13.07.24

                       

Аномал иссиқ сабаб поездда кондиционер ишламай қолди

«Иссиқдан бурни қонаб кетди». Аномал иссиқ сабаб поездда кондиционер ишламай қолди (видео).

Ижтимоий тармоқларда ўзбек юлдузлари томонидан йўловчи поездларида кондиционер тизими ишламаётгани танқид қилинди. «Ўзтермийўлйўловчи» ҳолатга муносабат билдириб, бунга аномал иссиқ ҳаво ҳарорати сабаб бўлганини айтди.

Маълумотларга кўра, ушбу йўловчи вагон 1991 йилда қурилган бўлиб, ўрнатилган тартибда ўз муддатларида техник таъмирлардан ўтказилган. Вагонга ўрнатилган совитиш тизими, техник шартларига кўра, ташқи ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқорилаб кетганда, тизимнинг совитиш самарадорлиги йўқолади.

«Ҳозирги кунларда мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб кузатилаётган аномал иссиқ ҳаво ҳарорати туфайли айрим вагонларнинг совитиш тизимларида носозликлар кузатилмоқда. Видеолавҳага туширилган поезднинг йўл давомида ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқорилаб кетгани сабабли совитиш тизимининг компрессор ускунаси ишламай қолган, натижада вагон совитилмаган. Поезд Тошкент Жанубий вокзалига етиб келганидан сўнг, унга қўшимча қилиб соз ҳолатдаги вагон уланди ва йўловчилар ушбу вагонга ўтказилди», — дейилади хабарда.

«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ ўтган асрларда ишлаб чиқарилган йўловчи вагонларининг совитиш тизимлари, ички интерери, электр тизимлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш учун керакли чораларни кўрган ҳолда, сифатли бўлган техник жиҳозларни ўрнатиш ишлари жадаллик билан олиб борилаётганини ва вагонлар босқичма-босқич модернизация қилинаётганини, охирги бир йил давомида замонавий талабларга мос бўлган 27 та йўловчи вагонлари харид қилинганини маълум қилди.

Маълумот учун, мазкур поезд 12 июль куни Хива—Андижон йўналишида ҳаракатланган. Йўл давомида мазкур йўловчи поезди вагонида техник носозлик аниқланган бўлиб, йўловчилар вақтинча бошқа вагонга ўтказилган.