9:53 | 01.08.24

                       

Асака туман прокурори ўринбосари 8,5 йилга қамалди

Асака туман прокурори ўринбосари 8,5 йилга қамалди. Унинг ишида далиллар сохталаштирилгани айтилмоқда.

Асака туман прокурори ўринбосари 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Бугун.уз манбалари хабар берди.

2024 йилнинг февралида Асака тумани ички ишлар бўлими тергов бўлинмаси собиқ ходими Асака тумани прокурори ўринбосари орқали мазкур туман прокуратураси иш юритувида бўлган жиноят иши доирасида қурилиш фирмаси раҳбарига нисбатан қўлланган қамоқ эҳтиёт чорасини ўзгартириб, тергов ҳаракатлари давомида аниқланган зарар суммасини қайта назорат-ўлчов тадбирлари ўтказиш орқали камайтириб бериш эвазига айбланувчининг яқинларидан 15 минг доллар олаётган вақтида қўлга тушганди.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида туман прокурори ўринбосари ҳам ушбу жиноят ишига айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, қамоққа олинган.

Мазкур иш юзасидан суд ҳукмига кўра, собиқ ИИБ ходими Ҳ.А. Жиноят кодексининг 25,168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси (пора бериш) 3-қисми «а» банди билан айбли деб топилиб, 6 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Иш доирасида судланган собиқ Асака туман прокурори ўринбосари С.Ҳ. ҳам Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбли деб топилган. У 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Суд ҳукмидан кўринишича, С.Ҳ. айбига иқрор бўлмаган ва бутунлай айбсиз эканини айтган. Кун.узга мурожаат қилган С.Ҳ.нинг яқинлари ишни тергов қилган Андижон вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси Н.О. далилларни қалбакилаштирганини айтмоқда.

Жумладан, тезкор тадбирдан ёзиб олинган сўзлашувлар аудиосининг стенограммасида Асака туман прокурори ўринбосарининг тилидан чиқмаган сўзларни киритиб, уни айблаш учун далил сифатида фойдаланган, дейилади мурожаатда.

Ҳозирда С.Ҳ. томонидан апелляция тартибида шикоят киритилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: