15:47 | 13.02.24

                       

Аёлларга катта сиғимли автобусларни ҳайдашга рухсат берилди

Ўзбекистонда аёлларга катта сиғимли автобусларни ҳайдашга рухсат берилди. Замонавий автотранспорт воситаларининг техник хусусиятлари аёлларга ушбу соҳаларда қулай ва соғлиқларига зарарсиз меҳнат фаолиятини олиб бориш имконини беради.

Ўзбекистонда энди аёллар ҳам катта сиғимли автобус ва электробусларни бошқариш ҳуқуқига эга бўлди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 февралдаги тегишли қарорига мувофиқ ҳукуматнинг 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарорининг 2-иловаси 27-банди ҳамда 3-иловаси 5-банди ўз кучини йўқотди. Яъни, мазкур нормаларга мувофиқ аёллар фақатгина йўловчиларнинг сони 14 кишидан ошмайдиган автобусни ҳайдовчи сифатида бошқариши мумкин эди. Мазкур нормалар катта сиғимли автобусларни (электробус) бошқаришда аёлларни жалб этиш имконини бермасди.

Аёлларга қуйидаги йўналишлар бўйича меҳнат фаолиятини олиб бориш учун ҳуқуқий асос яратилди:

  • юк кўтариши 2,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларини бошқариш;
  • йўловчиларнинг сони 14 кишидан ортиқ бўлган автобусларни бошқариш.

Эски нормаларнинг бекор қилиниши билан аёлларга қўшимча касб ва соҳаларда меҳнат фаолиятини олиб бориши учун ҳуқуқий асос мустаҳкамланди. Шунингдек, транспорт соҳасида гендер тенгликни таъминлаш ва катта сиғимли автобусларни (электробус) бошқаришга аёлларни жалб этиш имконияти яратилди.

Маълумот учун, замонавий автотранспорт воситаларининг техник хусусиятлари аёлларга ушбу соҳаларда қулай ва соғлиқларига зарарсиз меҳнат фаолиятини олиб бориш имконини беради.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: