23:35 | 01.02.24

                       

Бир қатор туманларнинг солиқбошиларига ҳайфсан берилди

Ходимларнинг иш самарадорлиги ва малакасини ошириш, кадрларни танлаш ҳамда тизимда ижро интизомини мустаҳкамлаш масалалари танқид қилинди.

Солиқ қўмитасининг навбатдаги кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши ўтказилди. Унда 2023 йил якунлари ва 2024 йилнинг дастлабки ойи натижадорлиги танқидий муҳокама этилиб, устувор вазифалар белгилаб олинди.

Қайд этилишича, маҳаллабай ишлаш янги институтининг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш ҳисобига маҳаллий солиқлар базасини кенгайтириш, истеъмол бозори ва иқтисодиётнинг ўсишига мос равишда тушумларни таъминлаш, яширин иш ўринлари ва иш ҳақини легаллаштириш, солиқдан қочиш схемаларининг олдини олишга эътибор қаратилмоқда.

Ходимларнинг иш самарадорлиги (KPI) ва малакасини ошириш, кадрларни танлаш ҳамда тизимда ижро интизомини янада мустаҳкамлаш масалалари жиддий танқид қилинди. Шунингдек, қўмита раиси ўринбосарлари, ҳудудий бошқарма ва туман (шаҳар) раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.

Зиммасига юклатилган хизмат вазифаларини етарли даражада бажармаган, иш фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйган ходимларга интизомий чоралар қўлланилди. Хусусан, Избоскан тумани солиқ инспекцияси бошлиғи М.Мирзаев, Асака тумани солиқ инспекцияси бошлиғи А.Қодиров, Шароф Рашидов тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Э.Эркабаев, Дўстлик тумани солиқ инспекцияси бошлиғи М.Турсунмуратов, Оқдарё тумани солиқ инспекцияси бошлиғи О.Илясов, Жомбой тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Б.Баратовларга ҳайфсан берилди.

2024 йил 16 январь куни Президент раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида жорий йилда солиқ органларининг устувор вазифалари белгилаб берилгани ва уларнинг сўзсиз ижросини таъминлашга қаратилган «йўл харитаси» лойиҳаси муҳокама этилди.

Бунда солиқ базасини камида 20-30 фоизга ошириш орқали белгиланган прогноз кўрсаткичлар ва қўшимча даромадларни жалб этиш ҳисобига солиқ тушумлари барқарорлигини таъминлаш, маҳаллабай ишлаш тизимини кенгайтириш ва давлат улуши юқори солиқ тўловчилар билан корхонабай ишлаш ҳамда тўлов интизомини мустаҳкамлаш назарда тутилган.

Шунингдек, тадбиркорларга хизмат кўрсатиш, уларнинг ишончини қозониш, соҳани рақамлаштиришни изчил давом эттириш, солиқ мажбуриятини ихтиёрий бажаришни рағбатлантириш, текшириш самарадорлигини ошириш, ходимларнинг дунёқараши, малакаси, ватанга ва хизмат бурчига садоқати ҳамда шахсий масъулиятини ошириш каби қўшимча вазифалар белгилаб олинди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: