20:39 | 27.07.24

                       

Болалар омбудсмани Қорақалпоғистонга борди

Болалар омбудсмани бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган ёпиқ муассаларни текшириш учун Қорақалпоғистонга борди (фото).

Болалар омбудсмани ва унинг котибияти ҳудудлардаги бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган ёпиқ муассаларда вояга етмаганларнинг сақланиши шарт-шароитлари билан яқиндан танишиш ва болаларнинг шахсан ўзлари билан учрашиб суҳбатлашиш мақсадида 18-19 июль кунлари Қорақалпоғистонга мониторинг ташрифини амалга оширди.

Ташриф давомида бир қатор оилавий болалар уйлари кўздан кечирилди. Хусусан, Нукус шаҳридаги 3-сонли, Хўжайли туманидаги 1 ва 2-сонли ҳамда Тахиатош туманидаги 2-сонли оилавий болалар уйларида бўлди.

«Аҳамиятлиси, бундай оилаларда тарбияланаётган болаларнинг ҳар бири алоҳида истеъдодли бўлиб, санъат, спорт йўналишларида фаол, турли мусобақа ва танловларда фахрли ўринларни эгаллаб келишмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасидаги мониторинг давомида Вакил мазкур ҳудудда жойлашган 2-сонли тергов ҳибсхонасида бўлиб, муассасада сақланаётган 2 нафар вояга етмаганлар билан кўришди.

Маҳбус вояга етмаганлар билан алоҳида суҳбатлашиб, уларнинг жазони ижро этиш муассасидаги шарт-шароитлар борасидаги фикрлари сўралди», дейилади Болалар омбудсмани ҳисоботида.

Мулоқот давомида вояга етмаганларга тергов изоляторида махсус «Болалар омбудсмани қутиси» мавжудлиги ва улар ҳар қандай масала юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги тушунтирилди. Шу ўринда иккала ўсмир ҳам ўзига нисбатан чиқарилган айблов ҳукмидаги жазо юзасидан эътирози борлигини билдирдилар ва шу жойнинг ўзида улардан бу ҳақда ёзма мурожаат қабул қилинди.

Шунингдек, шу куннинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази фаолияти ва бу ерда болалар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишилди.