12:16 | 17.07.24
Мирзиёев Ботир Зокировни ишдан олди.
Мирзиёев раислигида биринчи ярим йиллик таҳлили ва йил якунига қадар устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланганлиги хабар берилганди.
Видеоселектор давомида, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ботир Зокиров соғлиги туфайли лавозимидан озод этилди, вазирнинг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Маълум қилинишича, қурилиш ва транспорт комплексидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Қурилиш соҳаси ярим йилда 10 фоизга ўсиб, 80 трлн сўмга етди.
Қурилиш таннархи фақат ер ва қурилиш материалларига боғлиқ эмаслиги, техник талабларни мослаштириш, лойиҳани келишиш, қурилишга рухсат олишдаги мураккаб тартиботлар ҳам таннархга таъсир қилиши қайд этилди. Бу борадаги жараёнлар такомиллаштирилиб, тадбиркорлар учун шароитлар яхшиланса, қурилиш материаллари, элтехсаноат, ипотека хизматлари каби ёндош соҳалар ривожланишига катта туртки бўлади.
Бундан ташқари, йиғилишда қурилиш инспекцияси фаолиятини жонлантириш зарурлиги қайд этилди.
Маълум бўлишича, ўтган бир ярим йилда экспертизаси йўқ 2,2 минг объект қурилишига асоссиз рухсат берилган. Ўтган йил рўйхатдан ўтказилмасдан қурилиши бошланган 1,6 мингта объект аниқланган. Шу боис, ушбу инспекция Ҳукумат таркибига ўтказилиши ва ваколатлари кенгайтирилиши белгиланди.
Рухсатсиз ёки лойиҳадан четга чиқиб қилинаётган қурилишлар бўйича жазо чораларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Бундай ҳолатларни аниқлаш учун Қурилиш инспекциясининг техник воситалар, шу жумладан дронлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: