21:39 | 22.04.24

                       

Британия ташқи ишлар вазири Ўзбекистонга келади

Британия ташқи ишлар вазири Марказий Осиё давлатларига ташриф буюради. Британия билан савдо, хавфсизлик ва бошқа мавзуларда музокаралар ўтказилади.

Буюк Британия ташқи ишлар, ҳамдўстлик ва тараққиёт масалалари бўйича давлат котиби Девид Кемерон Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Independent хабар берди.

Фото: Stefan Rousseau/PA Wire

Хабарга кўра, Кэмерон Марказий Осиё «Британия дуч келаётган энг катта муаммоларнинг марказида» эканлигидан огоҳлантириб, унинг «қийинчилик билан эришилган суверенитетни» қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор чора-тадбирларни эълон қилади.

Душанба куни Душанбедаги Миллат саройида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашувда Дэвид Кэмерон бизнес, иқлим ўзгариши ва терроризмга қарши кураш каби муҳим соҳаларда ҳамкорлик қилиш учун «кўпроқ иш қила оламиз», деди.

«Мамлакатингизга ташриф буюрган Британиянинг биринчи ташқи ишлар вазири эканлигимдан мамнунман. Орадаги танаффус жуда узоқ давом этганидан афсусдаман

Биз Буюк Британия ва Марказий Осиёнинг барча республикалари ўртасидаги муносабатларда янги даврни шу ерда, Тожикистондан бошламоқчимиз. Бу ерга: ‘Ҳамкорликни кенгайтирайлик, биргаликда кўпроқ ишларни қилайлик’ дейиш учун келганман», деди у.

Британия ташқи ишлар вазирининг Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистонга биринчи сафари Британиянинг ҳашаматли автомобиллари собиқ совет давлатлари орқали ҳамон Москвага йўл олаётгани ҳақидаги хабарлар фонида содир бўлди.

РФ икки йил аввал Украинада уруш бошлаганидан кейин Британия томонидан Россияга юқори синфдаги автомобиллар экспорти тақиқланган эди, бироқ машиналарнинг унга қўшни давлатларга сотилиши кескин ошиб кетишидан хавотирлар бор.

Кэмерон минтақа бўйлаб етакчилар билан музокаралар чоғида «санкциялардан қочиш, инсон ҳуқуқлари ва ислоҳотлар бўйича муҳокамаларни олға силжитишга» интилади, дея маълум қилди ташқи ишлар вазирлиги.

У Британия университетларида чет элдан келганларни қўллаб-қувватловчи Chevening стипендиялари учун маблағ миқдори икки баравар оширилиши ва келгуси уч йил давомида минтақа бўйлаб ривожланиш харажатлари учун 50 миллион фунт стерлинг ажратилишини эълон қилади.

Инглиз тилини тарғиб қилиш учун мўлжалланган янги схема, жумладан, Марказий Осиё бўйлаб ўқитувчилар учун мослаштирилган маҳаллий контентга эга онлайн ўқув ресурслари ҳақида ҳам эълон қилинади, дея хабар беради ташқи ишлар вазирлиги.

Ташқи ишлар вазири, шунингдек, бир қатор муҳим объектлар, жумладан, Россия ёнилғисига кўп жиҳатдан боғланган Тожикистондаги Нурек ГЭС ва Қирғизистондаги ирригация канали иншоотини ҳам бориб кўради.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: