21:25 | 05.03.24

                       

Бухоро туманига янги ҳоким тайинланди

Бухоро туманини шу пайтгача бошқарган Ҳалим Сафаров соғлиғи ёмонлашгани сабабли ишдан бўшаш учун ариза ёзган. Бу вазифани бажариш Анвар Очилов зиммасига юклатилди.

5 март куни Халқ депутатлари Бухоро тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Сессияда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, вилоятдаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари ва мутасадди ходимлари, туман фаоллари иштирок этди. Сессияда ташкилий масала кўрилди. Шундан сўнг вилоят ҳокими Ҳалимжон Сафаровни Бухоро тумани ҳокими лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарорни ўқиб эшиттирди.

Айни вақтга қадар Ромитан тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағаллликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Очилов Анваржон Зубайдиллоевични Бухоро тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисида вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинганлиги депутатларга маълум қилинди. Кун тартибидаги масала юзасидан туман Кенгаши депутатлари ва фаоллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Очилов Анваржон Зубайдуллоевич Бухоро тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Сессияда вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳудуддаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий ҳолатни танқидий таҳлил қилиб, туманнинг янги раҳбари бошчилигида ҳудудни ҳар жиҳатдан ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишларга батафсил тўхталди. Шунингдек, сессияда туман секторлари раҳбарлари аҳолининг турмуш тарзини янада яхшилаш, янги лойиҳаларни ишга тушириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, буджетга тушумларни таъминлаш ва бошқа йўналишларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тақдимот қилишди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: