16:13 | 12.02.24

                       

Чирчиқда «боғча опа» болани уриб, ҳожатхонага қамаб қўйди

Чирчиқда боғча тарбиячиси болани уриб, ҳожатхонага қамаб қўйди. Боғча тарбиячиси оилавий сабабларга кўра асабий бўлгани айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда «Чирчиқдаги боғчада мураббий болакайни урганликда айбланмоқда» сарлавҳаси остида видео тарқалди. Болалар омбудсмани ҳолатни назоратга олганини маълум қилди.

Қайд этилишича, воқеа Чирчиқ шаҳридаги хусусий боғчада 8 феврал куни рўй берган. Боғча тарбиячиси оилавий сабабларга кўра асабий ҳолатда бўлгани туфайли тушлик пайтида ухлай олмай йиғлаётган болага бир неча бор қаттиқ бақириб, сўнг болани уриб, ҳожатхонага қамаб қўйган.

Ҳозирда бу тарбиячи Меҳнат кодексининг 161-моддасининг 5-банди (ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузгани учун меҳнат шартномасини бекор қилиш) асосида лавозимидан озод этилган.

Ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда ва тарбиячининг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилмоқда.

«Тарбиячи томонидан бу тарздаги жазо усулининг қўлланиши боланинг манфаатларига мутлақо зиддир. Боланинг руҳий-эмоционал соғлиғига, шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи бундай ҳаракатлар жавобсиз қолиши мумкин эмас!

Бу борада қўшимча маълумот берилади.», – дейилади Болалар омбудсмани баёнотида.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бу факт бўйича боланинг қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан ўз кузатувини қатъий давом эттириши маълум қилинди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: