19:00 | 23.07.24
Ўзбекистонда битирувчиларга платформа яратилди. Тизимда 2 млнга яқин битирувчиларнинг диплом маълумотлари жамланган.
Ўзбекистонда бакалавр, магистр, лицей, техникум, касб-ҳунар мактаби ва коллеж диплом маълумотларининг ҳақиқийлигини текшириш учун платформа яратилди. Бу ҳақда Олий таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Рақамли таълим технолигияларини ривожлантириш маркази томонидан ишлаб чиқилган diplom.edu.uz ахборот тизимида бугунги кунда 2 миллионга яқин битирувчиларнинг диплом маълумотлари жамланган.
Тизимга битирувчиларнинг диплом маълумотлари киритилади ва тасдиқланади. Диплом маълумотлари мавжуд бўлмаганда битирувчилар ягона идентификация тизими – One ID орқали рўйхатдан ўтиб, маълумотларни киритади. Олийгоҳ эса диплом маълумотлари тўғрилигини тасдиқлайди.
Шунингдек, платформа бошқа давлат идоралари ахборот тизимлари билан интеграция қилинган. Бунда маълумотлар автоматик тарзда шаклланади ва диплом маълумотларини киритиш талаб этилмайди.