13:30 | 20.07.24
⚡️Дунёда 35 миллион нафар бола қизамиққа чалиниши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёда 35 миллион нафар бола қизамиқдан ҳимояланмаганини маълум қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ССВ хабар берди.
Маълум қилинишича, коронавирус пандемияси туфайли дунё бўйлаб болаларни юқумли касалликларга қарши эмлаш кескин пасайди. Ҳозир эпидемиологик вазият барқарор. Аммо ўтган йили вакцина олмаган болалар сони пандемиядан аввалги давр — 2019 йилга қиёслаганда 2,7 миллион нафарга кўпайган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФ томонидан эълон қилинган янги қўшма ҳисоботда қайд этилишича, 2022 йилда 13,9 миллион нафар ўғил-қиз дифтерия, қоқшол ва кўкйўталга қарши бир марталик вакциналарни қабул қилмаган бўлса, 2023 йилда улар сони 14,5 миллион нафарга етган.
Бундан ташқари, қарийб 35 миллион бола қизамиққа қарши умуман эмланмаган ёки вакциналарнинг тегишли дозасини олмаган.
Дунё бўйича 83 фоиз ўғил-қиз худди шу касалликка қарши бир дозада, 74 фоизи эса 2 босқичда эмланган. Бироқ ЖССТ томонидан бу борада қамровни 95 фоизга етказиш мақсад қилинган. Шу боис ташкилот тегишли ҳукуматларни бу муаммони бартараф этиш учун фаол чора-тадбирларни амалга оширишга чақирди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: