16:10 | 26.07.24

                       

Электромобиллар импорти учун божлар қайта тикланиши мумкин

ADM Jizzakh автомобиль заводи раҳбари электромобиллар импорти учун божларни қайта тиклашни таклиф қилди.

ADM Jizzakh бош директори Дониёр Давлетяров 26 июл куни автомобилсозлик ва электротехника соҳаси тадбиркорлари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда электромобиллар импорти учун божларни қайтаришни таклиф қилди.

Давлетяровнинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги автомобил бозори «ҳаддан ташқари тўйинган ва қизиб кетган», шунинг учун жисмоний шахслар томонидан олиб кириладиган автомобиллар импортини тартибга солиш керак. Автомобил ишлаб чиқарувчиси 60 дан ортиқ техник талабларга жавоб бериши керак бўлса, импорт қилинган транспорт воситаси соддалаштирилган сертификатлаш тартибидан ўтиб, маҳаллий стандартларга мос келмайди.

ADM Jizzakh бош директори автотранспорт воситаларини расмий дилерлар орқали олиб кириш тартибини тиклашни ҳам таклиф қилди. Шунингдек, у импорт қилинадиган бутловчи қисмлар ва товарлар учун бож тўланиши, аммо электромобил етказиб берувчилар бу каби тўловларни тўламаётганини айтиб ўтди.

«Бугунги кунда Ўзбекистонда соф электромобил ишлаб чиқариш мақсадга мувофиқ эмас, чунки ҳеч қандай бож йўқ. Ишлаб чиқариш қиммат бўлади, чунки эҳтиёт ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш ва импорт қилиш учун ҳамма нарсани 100 фоиз маҳаллийлаштира олмаймиз. Импорт божларини тўлашимиз керак», – деди Давлетияров.

Ўзбекистонга электромобил импорт қилишнинг амалдаги тартиби

Ҳозирда Ўзбекистонга электромобил импорт қилишда ҚҚС, утилизация ва божхона йиғими ундирилади.

Бунда:

  • ҚҚС автомобилнинг божхона қийматидан 12 фоиз;
  • утилизация йиғими – агар электромобилнинг ишлаб чикарилган муддати 3 йилдан ошмаган бўлса, БҲМнинг 30 баробари (9,9 млн сўм), 3 йилдан ошган бўлса, БҲМнинг 90 баробари (29,7 млн сўм) миқдорида;
  • божхона расмийлаштируви бўйича йиғим электомобилнинг қийматига қараб БҲМнинг 1 баробаридан 3,5 баробаригача (330 минг – 1 млн 155 минг сўм оралиғида) миқдорда бўлади.

Маълумот учун, 2019 йил 1 январдан Ўзбекистонга электромобил импорти учун бож тўлови бекор қилинган, ўша йил июл ойига бориб акциз солиғи ҳам олиб ташланганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: