16:40 | 15.12.23

                       

Эрон Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режимни жорий қилди

Мамлакат Вазирлар Маҳкамаси томонидан 33 та давлат фуқароларига визани бекор қилиш ҳақидаги ҳужжат ратификация қилинди.

Эрон Вазирлар Маҳкамаси 33 та давлат, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари учун визани бекор қилиш ҳақидаги ҳужжатни ратификация қилди. Бу ҳақда Эрон маданий мерос, туризм ва халқ ҳунармандчилиги вазири Иззатуллоҳ Зарғамий ИРНА агентлигига маълум қилди. Манбага кўра, ушбу давлатлар билан визани бекор қилиш таклифи вазирлик ташаббуси билан чиққан ва Эрон ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланган.

Фото: Travel Earth

Эрон виза режимини бекор қилган давлатлар орасида 4 та қитъа давлатлари бор: Ҳиндистон, Россия, БАА, Баҳрайн, Саудия Арабистони, Қатар, Қувайт, Ливан, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Тунис, Мавритания, Танзания, Зимбабве, Маврикий, Сейшел ороллари, Индонезия, Бруней Даруссалам, Япония, Сингапур, Камбоджа, Малайзия, Ветнам, Бразилия, Перу, Куба, Мексика, Венесуэла, Босния ва Герцеговина, Сербия, Хорватия ва Беларус.

“Дунёнинг 33 та мамлакати фуқаролари энди Эронга келишлари осонлашди ва Эроннинг тарихий, табиий, маданий ва диний диққатга сазовор жойларини ҳис қилишлари мумкин”, дейди Иззатуллоҳ Зарғамий

Охирги статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг саккиз ойи давомида (21 мартдан бошланган) Эронга келган хорижликлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 48,5 фоизга ўсган ҳолда 4,4 миллион кишига етган.

Эрон Ўзбекистон билан визасиз режимни жорий қилиши мумкинлиги аввалроқ маълум қилинганди. Эрон президенти Иброҳим Раисий мамлакатнинг Ўзбекистон билан визасиз режим жорий қилиш масаласига алоҳида тўхталган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: