10:15 | 06.05.24

                       

Етти нафар ўзбекистонлик Қозоғистондан чиқариб юборилди

Етти нафар ўзбекистонлик Қозоғистондан мажбуран чиқариб юборилди. Улар аввал ҳам жавобгарликка тортилган ва суд қарори билан белгиланган талабларни бажармаган.

Қозоғистонда полиция департаменти ходимлари томонидан ўтказилган рейд давомида 16 нафар хорижлик фуқароларнинг ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғуллангани аниқланди. Бу ҳақда Polisia.kz хабар беради.

Фото: Polisia.kz

Маълум қилинишича, улардан етти нафари Ўзбекистон, тўққиз нафари Тожикистон фуқароларидир. Мазкур хорижликлар Сатпаев шаҳрида тегишли рухсатнома ва ҳужжатларсиз ишлаб келгани аниқланган.

Хабарга кўра, улар Сатпаев шаҳрида маъмурий жавобгарликка тортилган ҳолда ноқонуний тарзда ишлаб, суд қарори билан белгиланган талабларни бажармаган ва Қозоғистоннинг миграция соҳасидаги қонунчилигини бузган.

Бундан ташқари, Тожикистоннинг икки нафар фуқароси Олмаота шаҳар суди томонидан чиқарилган ҳал қилув қарори талабларини бажармай, жавобгарликдан бўйин товлаб келгани аниқланди.

«Чет эл фуқароларини ноқонуний меҳнат фаолиятига жалб қилган иш берувчилар ҳам қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади. Ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш мақсадида барча чет эл фуқаролари мамлакатдан мажбуран чиқариб юборилди», дейилади хабарда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: