23:27 | 30.01.24

                       

Фарғонада бир нечта мансабдорлар пора билан ушланди

«Ўрмонқурилиш» ДУК ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро марказининг мансабдорлари қўлга олинди.

Фарғона вилоятида бир нечта мансабдор шахслар пора билан қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилоятида рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектининг мурожаати асосида Ўрмон хўжалиги агентлиги ҳузуридаги «Ўрмонқурилиш» ДУК ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро марказида текшириш ўтказилган.

Фото: Бош прокуратура

Текширишда ушбу ташкилотларнинг мансабдор шахслари ўзаро жиноий тил бириктириб, тадбиркордан қурилиш лойиҳалари бўйича пудрат шартномаларини расмийлаштириш эвазига тамагирлик йўли билан 43 минг АҚШ доллари ва 111,5 миллион сўм пул маблағларини пора тариқасида қўлга киритишгани аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларига киришилди.

Хабарда шунингдек, ушбу ходимларнинг мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва бошқа коррупциявий қилмишларда ифодаланган ноқонуний хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Бош прокуратурага мурожаат қилишлари сўралган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: