10:15 | 16.07.24
Фарғонада эркак дадаси билан урушиб қолиб, оила аъзолари ичкари уйда ўтирган вақтда уйини ёқиб юборди.
Фарғонада 2024 йил 4 январь куни дадаси билан урушиб қолиб, унинг уйини ёқиб юборган эркакка суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2020 йилда унинг опаси турмушидан ажрашиб, уйига қайтиб келган. Шундан сўнг, опа ва ука аразлашиб қолган. Оқибатда укаси ижарага уй олиб, оиласини олиб кетган.
2024 йил 4 январь куни туш вақти у отасиникига келиб, улар билан яна тортишиб қолган. Соат 19:30 ларда танишидан 10 литр бензин олиб, отаси, опаси ва холаси ичкари уйда суҳбатлашиб ўтирган вақтда уйга ўт қўйган. Шундан сўнг амакисининг ўғлига қўнғироқ қилиб, уйни ёқиб юборганини айтган.
ФВБ ходимлари ёнғинни тўлиқ бартараф этган ва ИИБ ходимларини чақирган. Аниқланишича, турар жой бино-иншоотларига 49 137 000 сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Суд уни Жиноят кодексининг 173-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми «б» банди билан айбдор деб топиб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Шунингдек, судланувчидан отасига етказилган моддий зарарни ундириш ҳам белгиланди.