22:18 | 01.04.24

                       

Фарғонада фермер хўжалиги давлатга 12,5 млрд сўм зарар етказди

Фарғонанинг Олтиариқ туманида фермер хўжалиги бириктирилган қисмдан ташқари ҳудуддан ўзбошимчалик билан 26 минг куб ҳажмдаги қум-шағал аралашмасини қазиб олиб, давлат ва жамият манфаатларига 12,5 млрд сўм зарар етказди.

Олтиариқ туманида давлат ва жамият манфаатларига 12,5 миллиард сўм зарар етказган фермер хўжалиги аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Олтиариқ туман бўлим томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда «Ф.З.» фермер хўжалиги масъул шахслари «Олтиариқ» қум-шағал аралашмаси конидан хўжаликка бириктирилган қисмидан ташқари ҳудуддан ўзбошимчалик билан 26 минг куб ҳажмдаги қум-шағал аралашмасини қазиб олиб, давлат ва жамият манфаатларига 12,5 млрд сўм зарар етказганликлари аниқланган.

Шунингдек, фермер хўжалигининг музлаткич омборида 79 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилганлиги маълум бўлган. Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: