0:13 | 15.07.24
Хитой Тожикистонда база қурмоқда, Трампга узилган ўқ, Модининг Москвага боргани, Полша нега кредит олди?
АҚШ Полшага 2 млрд доллар кредит ажратади
Вашингтон маъмурияти Полшага АҚШ қуролларини харид қилиш учун 2 млрд доллар миқдорида маблағ ажратишга қарор қилди. Қурол-яроғлар орасида F-35 қирувчи самолётлари, Patriot зенит-ракета комплекслари ва Abrams танклари бор. Бу ҳақда АҚШ давлат департаменти матбуот хизмати ёзмоқда.
Ҳозир Полша давлатининг мудофаа харажатлари мамлакат ЯИМнинг 4 фоизини ташкил этяпти. Бу НАТО аъзолари орасида энг юқори кўрсаткичдир. Полша тарихан қудратли давлатларнинг таъсир ҳудудлари чегарасида жойлашганлиги зиддиятларга тайёр туришни тақозо этади.
Куба КХДР билан муносабатларни кучайтирмоқчи
АҚШ севмайдиган давлатлар гарчи географик жиҳатдан узоқ бўлса-да, яқинлашмоқчи. Сарлавҳадаги истакни Шимолий Кореянинг асосчиси Кир Ир Сен (1912-1994) вафотининг 30 йиллиги кунида Куба ташқи ишлар вазири маълум қилди.
Куба ТИВ раҳбари твиттерда ёзишича, «озодлик ороли» КХДР билан дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамламоқчи. Бу фикрни Куба президенти Мигель Диас-Канель ҳам ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қўллаб-қувватлади.
Саудия Арабистони Россия масаласида G7га таҳдид қилди
Агар Европа давлатлари Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилса, Саудия Арабистони Европа қимматбаҳо қоғозларини сотиб юбориши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg хабар қилди. Подшоҳлик молия вазирлигининг Россия активлари ҳимоясида чиқишини айрим манбалар таҳдид дея талқин қилмоқда.
Май ва июн ойларида G7 Россия активларини нима қилиш тўғрисида турли вариантлар таклиф қилган ва даромадидан фойдаланиш, ўзини эса қолдиришга қарор қилганди. Аммо еврозонанинг айрим аъзолари бу уларнинг валютасига зиён етказишидан хавотирланган.
Bloomberg яна ёзишича, араблардаги француз облигациялари бир неча ўн млрд евро бўлиши мумкин, буларнинг сотиб юборилиши жуда катта хавф туғдирадиган даражада эмас. Аммо Европа давлатлари бошқалар ҳам Саудиянинг ишини қилишидан ташвишланган.
Европада яҳудийларни ёмон кўришмоқда
Guardian нашри Европада антисемитизм кучаяётганлиги ва буни Яқин Шарқдаги уруш қўзғатаётганлигини ёзди. Бу яҳудий халқининг тинч-тотув яшашини қаттиқ чеклайди, деб ҳисоблайди FRA инсон ҳуқуқлари агентлиги директори Сирпа Раутио.
Агентлик 16 ёшдан катта бўлган 8 минг нафар яҳудий ўртасида сўровнома ўтказган. Сўралганларнинг 96 фоизи ўтган йилда тоқатсизлик ҳолатига дуч келганини билдирган, 84 фоизи эса антисемитизмни жиддий муаммо ҳисоблайди.
Бундан ташқари Евроиттифоқ ҳуқуқ ҳимоячилари ХАМАС ва Исроил ўртасида уруш бошланганидан кейин ҳолат қайси томонга ўзгарганини ҳам ўрганган. Маълум бўлишича, сўралганларнинг 80 фоизи охирги 5 йилда уларнинг мамлакатида антисемитизм ўсди, деб ҳисоблайди, 90 фоизи эса ижтимоий тармоқларда яҳудийларга тоқатсизлик намоён бўлишини катта муаммо санайди. Қолаверса, сўралганларнинг 10дан 6 нафари ХАМАС ва Исроил уруши уларнинг хавфсизлигига таъсир қилганини айтган.
Апрел ойида Spiegel немис газетаси Германия шарқида ўтаўнгчилик кайфияти ошаётганини, ўқувчилар парталарга свастика тасвири чизаётгани ва гитлерча саломлашиш намойиш қилинаётганини ёзган.
Нарендра Моди нега Россияга борди?
Дунёдаги энг йирик демократик давлат раҳбарининг Москвага ташрифи кўплаб кузатувчиларнинг диққат марказида бўлди. Financial times нашри бу ташрифнинг геосиёсий аҳамияти ҳам бор, Ҳиндистон глобал жанубдаги катта ўйинчи, Хитой билан геосиёсий рақиб, Россия ва Хитой савдо айланмаси 240 млрд доллардан ошди, Ҳиндистонники эса номутаносиб тарзда паст. Шу сабабли Россияга таклиф қилиши мумкин бўлган товарларини таклиф этиб, Россиядан қўшимча энергия ресурслари олмоқчи, деб баҳолади.
Хитой ва Россия охирги вақтда жуда яқинлашаётгани кўпчиликка сир эмас. Ҳиндистон ҳам кўп векторли мамлакат сифатида фурсатни қўлдан бермоқчи эмас. Ҳиндистон собиқ СССР билан илиқ муносабатлар қурган эди. Ҳозир эса АҚШ Ҳиндистоннинг муҳим ҳамкори саналади, шу билан бирга ҳиндлар Россия билан ҳам алоқани сақлаб қолган. Хитой ва Россиянинг жуда яқинлашувини Ҳиндистон ўзига хавф ҳисоблайди.
Нарендра Моди икки кун Москвада бўлди. Икки етакчи бир-бирини “қадрдон дўстим” деб атади. Моди уруш мавзусига ҳам тўхталиб «Урушда бегуноҳ одамлар ўлса, ҳар қандай инсон оғриқ ҳис қилади. Можаро уруш билан эмас, тинчлик келишувлари билан ҳал бўлиши керак деб ҳисоблаймиз», деб айтди.
Ҳиндистон ғарб санкциясига тушган Россия нефтининг асосий харидорларидан ҳисобланади. Шунингдек, атом соҳасидаги ҳамкорлик ҳам икки давлатни боғлайди.
Хитой Тожикистонда махфий ҳарбий база қуряпти
Бу ҳафта Хитойнинг қўшни давлатда ҳарбий база қураётгани ва унинг махфийлигига урғу берилиши жамоатчиликни сергак торттирди. Британиянинг The Telegraph нашри ёзишича, база 4 минг метр баландликда жойлашган ва унда икки давлат қўшинлари мунтазам ҳарбий машғулотлар ўтказиб туради.
Расмий Душанбе ҳам, Пекин ҳам бунақа база борлигини тан олгани йўқ. Аммо бу база қўшни Афғонистондан Тожикистонга таҳдид кучайганда хавфсизликни таъминлаш мақсадида қурилганлиги тўғрисида тахминлар бор
Хитой ва Россия денгизда ҳарбий машқ бошлади
«Қўшма денгиз машқлари-2024» Хитойнинг жанубий ҳудудларида бўлиб ўтмоқда. Буни АҚШнинг ҳудудда ҳарбий иштироки кучайишига жавоб деб баҳолаш мумкин. Хитой билан Россия ўртасидаги қўшма машғулотлар дастури улар ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг намойиши сифатида тавсифланган. Ўз навбатида Япония чегараси яқинида ҳарбий операция ўтказилишини хавотир билан қабул қилган.
АҚШнинг собиқ президенти Трампга суиқасд уюштирилди
Доналд Трамп Пенсилваниядаги сайловолди митинги чоғида қулоғидан яраланди. Ўт очган шахс кучишлатар ходимлар томонидан дарҳол отиб ўлдирилган. Трампнинг ҳолати оғир эмас, суиқасддан икки соат ўтиб у ижтимоий тармоқ орқали чиқиш қилиб ҳолати ҳақида билдирди. Кўплаб сиёсатдонлар ва бизнесменлар Трампни қўллаб, зўравонликни қоралаб ёзди, жумладан, унинг сайловдаги рақиби Жо Байден Трамп ўзини яхши ҳис қилаётганидан хурсандлигини изҳор қилди.
Айтиш керакки, сайловда Байдендан кўра яққол фаоллигини намойиш қилаётган Трампнинг бу воқеадан кейин янада машҳурлиги ошиши мумкин. Бу эса республикачиларнинг ғалабасини англатади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: