13:00 | 03.11.23
Улар суд залида қамоққа олинган.
3 ноябр куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган А.М. ва А.Қ.га оид суд жараёнини якунлади. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати котиби Азиз Абидов хабар берди.
Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида А.М. (1979 йилда Нукус шаҳрида туғилган, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган) ва А.Қ. (1984 йилда Янгиариқ туманида туғилган, Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган) га оид жиноят ишини апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилган.
Жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.
Судланувчилар А.М. ва А.Қ. Жиноят кодексининг олдинги таҳрирдаги 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва 128-1-моддаси (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсга моддий қимматликлар бериш ёхуд уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган ва Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида уларнинг ҳар бирига узил-кесил 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Cудланувчиларга нисбатан қўлланилган “гаров” тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, А.М. ва А.Қ. суд залидан қамоққа олинган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: