19:03 | 14.04.24

                       

Интернетга қарамлик бизни қаерга олиб бормоқда?

Сўнгги вақтларда яна бир янги атама – Fabbing тез-тез учраб турибди. Хўш, фаббинг ўзи нима? Fabbing икки сўзнинг бирикувидан (phone – телефон, snubbing – илтифотсизлик, эътиборсизлик кўрсатмоқ ) ҳосил бўлган атама бўлиб, олимларнинг фикрича, fabbing интернетга қарамлик ва бирор муҳим нарсани ўтказиб юборишдан қўрқиш ҳиссига боғлиқ ҳодиса. Бугун биз интернет ва телефонга жуда боғланиб қолганлигимиз […]

Сўнгги вақтларда яна бир янги атама – Fabbing тез-тез учраб турибди. Хўш, фаббинг ўзи нима?

Fabbing икки сўзнинг бирикувидан (phone – телефон, snubbing – илтифотсизлик, эътиборсизлик кўрсатмоқ ) ҳосил бўлган атама бўлиб, олимларнинг фикрича, fabbing интернетга қарамлик ва бирор муҳим нарсани ўтказиб юборишдан қўрқиш ҳиссига боғлиқ ҳодиса.

Бугун биз интернет ва телефонга жуда боғланиб қолганлигимиз – инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Хўш, бунинг нимаси ёмон? Ахир, қанчадан қанча ишларимиз бир қўнғироқ билан ҳал бўлиши, интернет ёрдамида узоқдаги яқинларимиз билан дийдорлашиш, энг асосийси, ҳали ҳамон биз учун катта қисми номаълум дунё ҳақида билиш, турли мамлакатларга виртуал тарзда саёҳат қилиш имкони яратилиши мумкин.

Бугун Fabbing ҳақида мутахассис билан суҳбатлашдик

Фирдавс Абдураҳмонов («Нова» психологик марказ раҳбари)нинг таъкидлашича, телефон бу «комфорт зона». Интернетдан фойдаланганингизда виртуал оламда кимдир сизни урушадими? Йўқ! Аксинча, сиз жойлаётган контентлардан инсонлар, хоҳ маънавий бўлсин хоҳ моддий, озуқа олади, сизни алқайди. Тасаввур қилинг, ижтимоий тармоқдаги саҳифангизга жойлаган постингизни ҳеч ким кўрмаса, ўқимаса, фикр билдирмаса сиз руҳан тушкун ҳолатга тушасиз. Ҳа-ҳа, янглиш ўқимадингиз, айни ҳолатда кун давомида сизга нимадир етишмаётгандек ҳис қиласиз ўзингизни. Чунки истаймизми, йўқми, бугуннинг одами руҳий баланси, кайфияти ўзи яратган виртуал оламга бевосита боғлиқ бўлиб қолди.

Ташқи дунёда тан олинмаслик натижасида ҳам интернетга қарамлик ҳолати кузатилмоқда. Бу эса комфорт зона дейилади. Аввало, комфорт зона нима эканлигини билиб олсак. Комфорт зона – бу шахснинг ўзига қулай бўлган жой. Демак, одамларга интернетга кириш бу у учун қулай муҳит дегани. Ҳақиқатда интернет орқали кўплаб инсонларни, ҳаттоки, яқинларимизнинг ҳам эътиборида бўлишимиз мумкин. Биз инсонлар яқинларимиздан эътибор, меҳр ва ишонч кутамиз, чунки бу бизнинг табиатимизга хос. Интернет эса айнан шу муҳитни яратиб беради.

Фарзандларимизнинг тарбиясига, фикрлашига интернет бевосита таъсир ўтказмоқда. Масалан, ёш болаларнинг турли виртуал ўйинларни ўйнаётганида кузатсангиз, ҳар бир ўйинда унга вазифалар берилади, шу билан бирга, у ҳар бир ўтган босқичи учун турли рағбатлар, мукофотлар олади. Олқишлар чалинади. Нега биз шуни ҳаётимизга кўчирмаймиз? Нима сабабдан болаларимизни рағбатлантирмаймиз, олқишламаймиз? Вазифалар берамиз, лекин рағбатчи? У айнан шунга бўлган эҳтиёжини кейин албатта телефон ва ундаги ўйинлар билан қондиради. Шахсни шахс сифатида тан олиш керак! У бола бўладими ёки ёши катта инсон. Инсонлар доим ўзининг яхши эканини тан олишларини, шахс сифатида тан олинишларини истайди. Фарзандларимизни хато қилгани учун урушиш, қаттиқ гапириш билан ўзимиздан узоқлаштирамиз. Дакки эшитган жойи у учун доим “дискомфорт зона” ҳисобланади. Ота-оналар, бола учун интернет «комфорт зона» бўлиб қолмаслигига ҳаракат қилишлари лозим.

Биз доим шошамиз. Кўп нарсага бир вақтнинг ўзида эга бўлишга ёки амалга оширишга уринамиз. Пировардида, биз ўз ҳаётимизни мураккаблаштириб, шу мураккабликлар натижасида қийналиб, мақсадсиз қолмоқдамиз. Аслида ҳамма нарса оддий. Мақсадни аниқлаш, унга элтадиган йўлни белгилаш ва шунга қараб ҳаракат қилиш ўзимизга боғлиқ.

Бу суҳбатдан кейин ўзимга ўзим савол бердим. Бундан 10 йил олдин аҳвол қандай эди? Дўстлар билан сайр-саёҳатлар, яқинлар давраси. Телефонсиз ҳаёт. Телефон бугунги кундаги каби ҳаммада мавжуд эмас эди. Бугун эса ҳатто қадамларимизни турли гаджетлар ўлчаб беряпти.

10 йилдан сўнг ҳаётимиз қандай бўлади? Ҳозир телефон ва интернетга қарам бўлиб ўсаётган авлод келажагичи? Демак, биз катталар олдида улкан масъулиятли вазифа турибди. Бола тарбиясида инсон омилини кучайтиришимиз, биз юқорида такрор таъкидлаганимиз “комфорт зона” айнан уйда, яқинлари даврасида эканлигини кўрсатишимиз лозим.

Дунё чопоғон отга ўхшайди. Биз уни имкон қадар жиловлашимиз, унинг инжиқликлари ҳақида ворисларга дастурул амал қолдиришимиз керак.

Шахноза Халикова

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: