9:53 | 17.11.23

                       

Исроил Ғазонинг ғарбий қисмини эгаллаб олди

Мамлакат қўшинлари бир пайтнинг ўзида қуруқликдаги янги операцияларни бошлашган.

Хориж манбаларининг ёзишича, Исроил мудофаа вазири Ёав Галант Ғазо шаҳрининг ғарбий қисмида операция якунланганини эълон қилган. Унинг сўзларига кўра, Исроил мудофаа кучлари қуруқликдаги операциянинг янги босқичини бошлашга қарор қилган. Аммо, бу босқич нимани англатиши ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

«Биз Ғазо шаҳрининг бутун ғарбий қисмини босиб олиш ва тозалашни якунладик. Айни пайтда кейинги босқич бошланди. Қўшинлар ҳаво, денгиз ва қуруқлик кучлари билан жуда аниқ, қатъий ҳаракат қилмоқдалар. Разведка жараёнлари ҳам яхши олиб борилмоқда» деган вазир мамлакат мудофаа қўшинлари 36-дивизиясининг штаб-квартирасига ташриф буюрганида.

Маълумот учун, Исроил ҳарбийларининг Ғазо секторига қуруқлик орқали операцияси шу йилнинг 27 октябр санасида бошланди. 2 ноябр куни Исроил армияси Ғазо шаҳри тўлиқ қамал қилинганлиги ҳақида хабар берди. 8 ноябр куни Исроил қўшинларининг денгиз адмирали Даниел Хагари ҲАМАС ҳаракати Ғазонинг шимолий қисми устидан назоратни йўқотганини айтди. Фаластин расмийларининг сўнгги маълумотларига кўра, Ғазо секторида ҳалок бўлган тинч аҳоли сони 11 минг нафардан ошган.

Эслатиб ўтамиз, Исроил бош вазири Нетаняху Ғазода ўт очишни тўхтатиш шартларини айтиб, «гуманитар паузалар» давом этишини ҳам истисно қилмаганди. Шунингдек, Исроил ва АҚШни зудлик билан суд қилиш учун Эрон президенти Иброҳим Раисий халқаро судни огоҳликка чақирганди. Исроил мудофаа вазири эса ҲАМАС Ғазо устидан назоратни йўқотганини эслатганди. Исроил президенти эса террорчилар пайдо бўлишининг олдини олиш учун мамлакат қўшинлари Ғазода қолишини айтганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: