22:45 | 21.05.21

                       

Коронавирусга қарши вакциналар сабаб қанча инсон миллиардерга айлангани маълум бўлди

Уларнинг умумий бойлиги 19,3 миллиард долларга баҳоланган

Коронавирусга қарши вакциналарни ишлаб чиқиш ва улар билан инсонларни эмлаш кампаниясидан фойдаланиш дунё бўйлаб янги миллиардерларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Бу ҳақда «Non-governmental organization» маълумотларига асосланиб, «Euronews» хабар берди.

Фото: «EPA»

Маълум қилинишича, янги миллиардерлар орасидан Американинг «Moderna» компанияси билан алоқадор беш киши, шунингдек, Хитойнинг «CanSino Biologics» компанияси билан алоқадор уч киши ўрин олган.

Қайд этилишича, янги миллиардерларнинг биргаликдаги бойлиги 19,3 миллиард доллар бўлиб, ушбу маблағлар камбағал мамлакатларнинг барча аҳолисини 1,3 марта тўлиқ эмлашга етади. Коронавирусга қарши вакциналар сабаб миллиадерга айланганлар орасида биринчи ўринни «Moderna» компанияси бош ижрочи директори Стефен Бансел (4,3 миллиард доллар), иккинчи ўринни «BioNTech» компаниясининг ҳаммуассиси ҳамда бош директори Угур Шахин (4 миллиард доллар), учинчи ўринни эса иммунолог, инвестор ҳамда «Modernа» компанияси асосчиси Тимоти Спрингер (2,2 миллиард доллар) эгаллаган.

Кучли бешликдан «Moderna» компанияси директори Нобар Айефан (1,9 миллиард доллар) ва «Moderna» вакциналарини ишлаб чиқарадиган ва қадоқлайдиган «ROVIm» компанияси раҳбари Хуан Лопес-Бельмонте (1,8 миллиард доллар) ўрин олган. Рўйхатнинг олтинчи ўрнида «Moderna» компанияси олими ва яна бир асосчиси Роберт Лангер (1,6 миллиард доллар) қайд этилган.

Кейинги поғоналардан эса Хитойнинг «CanSino Biologics» компаниясининг учта ҳаммуассиси — бош илмий маслаҳатчи Чжу Тао (1,3 миллиард доллар), шунингдек, иккита катта вице-президент Цю Дунсю (1,2 миллиард доллар) ва Мао Хуиньхоа (1 миллиард доллар) ўрин олган.

Аввалроқ Британияда коронавирус вакцинасининг 3-дозаси бўйича дунёдаги биринчи тадқиқот ўтказилиши маълум қилинган. Шунингдек, америкалик олимлар коронавируснинг барча штаммларига қарши вакцина ишлаб чиққани ҳақида хабар берилганди.