20:51 | 09.12.23

                       

Мирзиёев қишлоқ хўжалиги ходимларига табрик йўллади

Давлат раҳбари шунингдек, 2023 йилда 8 млн 200 минг тонна ғалла етиштирилганини ижобий баҳолади.

Президент матбуот хизмaтининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги ходимларига табрик йўллади. Президент ўз табригида, Ўзбекистонда 2023 йилда илк бор 8 миллион 200 минг тонна ғалла, 3 миллион 800 минг тонна пахта, 15 миллион тоннадан ортиқ сабзавот ва полиз, 5 миллион тонна мева ва узум, 4 миллион тонна картошка, 26 минг тонна пилла етиштирилганини ижобий баҳолаган.

«Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, қишлоқ хўжалиги ходимлари! Сиз, азизларни, сизлар орқали ўз ҳаётини қишлоқ хўжалиги соҳасига бағишлаган барча заҳматкаш инсонларни, бутун халқимизни қутлуғ байрам – Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман» деган Мирзиёев ўз табригида.

Давлат раҳбарининг қўшимча қилишича, ҳозирги кунгача 500 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилиб, 3 миллиард куб метр сув иқтисод қилинган ва қарийб 1 миллион гектар ернинг сув таъминоти яхшиланган. Охирги икки йилда 200 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, улар 670 минг нафар аҳолига танлов асосида берилган. Натижада, икки миллиондан ортиқ доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилиб, қўшимча 3 миллион тонна маҳсулот етиштирилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: