7:59 | 08.03.24

                       

Охирги 5 йилда аёллар тадбиркорлиги икки баробарга кенгайди

Сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистонда ишбилармон аёллар сафи икки баробар кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 205 мингдан ошди.

Ўзбекистонда сўнгги 5 йил ичида ишбилармон аёллар сафи икки баробар кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 205 мингдан ошди.

Биргина 2023 йилда 279 мингдан зиёд тадбиркорлик лойиҳаларига 13 триллион сўмдан ортиқ кредит, қарийб 57 минг нафар хотин-қизга салкам 300 миллиард сўм субсидия ажратилди. Шунингдек, 200 мингга яқин аёллар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Энг асосийси – 400 мингдан ортиқ хотин-қизлар иш билан таъминланди.

Бундан ташқари, хотин-қизларга ажратилган 6 триллион сўмлик ипотека кредитлари ҳисобидан 25 мингдан зиёд оилалар ўз уйига эга бўлди. Бу борада 6 минг 200 нафар аёлга уй-жой шароитини яхшилаш ва кредитнинг бошланғич бадалини тўлаш учун 200 миллиард сўм субсидия ажратилганини қайд этиш лозим.

Шу билан бирга, жойларда хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга қаратилган ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида «Аёллар дафтари» бўйича 1 триллион 234 миллиард сўм ҳисобидан қарийб 994 минг нафар хотин-қизнинг муаммоси ҳал этилгани бу фикрни тасдиқлайди.

Бу вазифаларни бажаришда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари федерацияси ҳамда маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларининг иштироки кучайиб бораётгани айниқса муҳимдир. Улар томонидан «хонадонбай» ўрганишлар натижасида ижтимоий ёрдамга муҳтож 690 мингдан зиёд оилага манзилли ёрдам кўрсатилган, 116 мингта нотинч оилада муҳит соғломлаштирилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: